Кураш: Тошкент ҳарбийлар ўртасидаги I жаҳон чорлови мусобақасига мезбонлик қилмоқда
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да кураш бўйича ҳарбийлар ўртасида ўтказиладиган I жаҳон чорлови мусобақаси олдидан Халқаро ҳарбий спорт кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Халқаро кураш ассоциацияси, мамлакат кураш федерацияси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуман давомида мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш асносида нуфузли мусобақанинг мақсад ва вазифалари, иштирокчилар таркиби, беллашувлар тартиби ҳамда мусобақага тайёргарлик жараёнлари ҳақида сўзлаб берди.
Таъкидланганидек, I жаҳон чорлови мусобақасида 15 дан ортиқ давлатдан 120 нафарга яқин ҳарбий спортчи иштирок этиш талабномаларини тақдим этган. Унда эркаклар ва аёллар ўртасида 13 та вазн тоифасида баҳслар ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари терма жамоаси мусобақада 21 нафар спортчи билан тўлиқ таркибда иштирок этиши белгиланган.
[gallery-31371]
Миллий спортимиз курашни янада оммалаштириш, хорижий ҳарбий спортчилар билан тажриба алмашиш ҳамда курашнинг халқаро нуфузини оширишга қаратилган мазкур I Жаҳон чорлови мусобақаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 20 декабрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Халқаро ҳарбий спорт кенгашининг 2026 йилги тақвим режасига мувофиқ ўтказилмоқда.
Айтиш лозимки, I Жаҳон чорлови мусобақасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари терма жамоаси таркибида мусобақада фахрли ўринларни эгаллаган спортчилар пул мукофотлари билан рағбатлантирилади:
Турнирда 1-ўринни эгаллаган ҳарбий спортчи лавозим маошининг 15 баробари миқдорида, 2-ўрин соҳиби 10 баробари миқдорида, 3-ўриндан жой олганлар 8 баробари миқдоридаги соврин жамғармасига эга чиқади.
Савол-жавобларга бой тарзда кечган матбуот анжуманидан сўнг иштирокчи давлат вакиллари учун семинар-тренинг, шунингдек, беллашувларни бошқариб борадиган ҳакамлар гуруҳи ва техник қўмита томонидан қуръа ташлаш маросимлари ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, нуфузли мусобақанинг асосий беллашувлари 12-13 сентябрь кунлари “Олимпия шаҳарчаси”даги яккакурашлар мажмуасида бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
А.Мамадаминов(фото), ЎзА