Кучли ижтимоий сиёсатни шакллантиришда парламентларнинг ўрни
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида «Самарали ва кучли ижтимоий сиёсатни шакллантиришда парламентларнинг ўрни» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан жорий йил 24 июль куни қабул қилинган «Ижтимоий тараққиётни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида»ги янги резолюцияни амалий жиҳатдан татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-30947]
Мазкур ташаббус Президентимиз томонидан 2020 йил сентябрь ойида COVID-19 пандемияси авж олган бир пайтда БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг умумий мунозараларида илгари сурилган эди. Инқироз натижасида юзага чиққан муаммолар фонида қабул қилинган резолюция барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, БМТнинг 2030 йилгача бўлган кун тартибини амалга ошириш, ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва ёшларнинг қонун ижодкорлигидаги иштирокини кенгайтириш, шунингдек, ижтимоий соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда парламентларнинг ролини оширишга хизмат қилади.
Ҳужжатда парламент дипломатиясини ривожлантиришга Ўзбекистоннинг қўшаётган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Тошкентда ўтказилган Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси юксак баҳоланган бўлиб, унинг якуни бўйича ижтимоий тараққиёт ва ижтимоий адолат манфаатлари йўлида парламентлар томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисидаги Тошкент декларацияси қабул қилингани алоҳида қайд этилган.
Резолюцияни тайёрлаш жараёнидан олдин кенг кўламли дипломатик ишлар амалга оширилиб, улар доирасида БМТга аъзо 60 дан ортиқ давлат вакиллари иштирокида 5 расмий ҳамда 50 дан ортиқ норасмий маслаҳатлашувлар ўтказилди. Ҳужжатга дунёнинг барча минтақаларидан 61 та давлат, жумладан, Австрия, Бельгия, Германия, Испания, Бразилия, Вьетнам, Малайзия, Сингапур, Марокаш, Танзания, Уганда, Мальдив ороллари ва Папуа - Янги Гвинея ҳаммуаллифлик қилди. БМТ Бош Ассамблеясида ўтказилган овоз бериш якунларига кўра, резолюцияни БМТга аъзо давлатларнинг мутлақ кўпчилиги қўллаб-қувватлади.
Конференция якунлари бўйича парламентларнинг ижтимоий тараққиёт соҳасидаги халқаро кун тартибини амалга оширишдаги иштирокини кенгайтириш, парламент дипломатиясини мустаҳкамлаш, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида қонун чиқарувчи органлар, БМТ тизими ва экспертлар ҳамжамияти ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Гулноза Бобоева,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА