Креатив индустрия: халқаро ва давлатлараро маданий тадбирларни ташкил этишда адолатли рақобат таъминланади
Мамлакатимиз иқтисодиётини инновацион жиҳатдан ривожлантириш рағбатлантирилмоқда. Мазкур соҳадаги ижодий салоҳиятни иқтисодий қийматга айлантириш ҳамда янги иш ўринларини яратиш, ёшлар ва тадбиркорларнинг ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу йўналишдаги ишларни янада ривожлантиришга қаратилган.
Қонун бўйича маъруза қилган Сенат аъзоси А.Кўчимов креатив иқтисодиётнинг изчил ривожлантирилишини таъминлаш ушбу соҳадаги субъектлар учун янада қулай шарт-шароитлар, рағбатлантирувчи механизмлар яратишни ва имтиёзлар беришни тақозо этаётганини қайд этди.

Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Креатив индустрия парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларга жалб қилинган мутахассислар учун айрим солиқ имтиёзлари берилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, 2026 йилдан 2030 йилга қадар бўлган даврда чет эл контрагентлари қўшилган қиймат солиғи, тўлов манбаида фойда солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинади.

Бунда, ушбу имтиёз чет эл контрагентлари креатив индустрия соҳасига бевосита боғлиқ бўлган ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш учун жалб этилганда қўлланилиши белгиланмоқда.
Сенат аъзолари ўз чиқишларида ушбу имтиёзлар фақат креатив соҳадаги иш ва хизматларга қўлланилиши соҳага хорижий мутахассисларни жалб қилиш, лойиҳалар сифати ва ҳажмини ошириш ҳамда миллий креатив маҳсулотларни халқаро бозорга чиқариш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Амалиётда креатив индустрия парки резиденти мақомини олиш учун субъектнинг бизнес режаси маъқулланиши ва жами йиллик даромадининг камида 80 фоизи креатив соҳадаги фаолиятдан шаклланиши шарт этиб белгиланган.
Қонун билан эса янги ташкил этилган субъектлар учун бу талаб дастлабки босқичда қўлланилмаслиги, аммо молия йили якунларига кўра талаблар бажарилмаса, солиқ имтиёзлари қайта ҳисобланиши ва бюджетга ундирилиши белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун креатив индустрияни қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ва давлатлараро маданий тадбирларни самарали ташкил этиш ҳамда соҳада барқарорлик ва адолатли рақобатни таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА