Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтларининг ўз ўрни бор
Коррупция келтирадиган зарар сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги имиджи ва инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатишини кўпчилигимиз яхши биламиз.
Шунинг учун мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳуқуқий қонунчиликнинг такомиллаштирилиши, коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органининг ташкил этилиши, вазирлик ва идоралар фаолиятининг рақамлаштирилиши натижасида сўнгги 7-8 йилда бу борада муайян ижобий натижаларга эришилди.
Хусусан, "Transparency International" халқаро нодавлат ташкилоти томонидан Коррупцияни қабул қилиш индексининг 2024 йил натижаларига кўра, мамлакатимиз 32 балл тўплаб, 2017 йилги 157 ўриндан 121 ўринга кўтарилди. Қолаверса, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишлар натижадорлигини оширишда ижтимоий масалаларга оид очиқ маълумотлар кўлами янада кенгайганлиги, улардан тўсиқларсиз фойдаланиш имкониятлари яратилганлиги ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, ушбу таҳдидга қарши курашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари янада фаол бўлиши зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Зеро, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган стратегиялар, чора-тадбирлар, халқаро алоқалар жамият ва давлат ривожи учун ғоятда манфаатли ҳисобланади.
Кейинги пайтда юртимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашдаги ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда. Бу ишларни самарали амалга ошириш учун фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакиллари фаол жалб қилинмоқда. Бунда жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани ҳам эътиборга молик.
Жорий йил 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида фуқаролик жамияти институтларининг коррупциянинг олдини олишдаги ролига алоҳида эътибор қаратди.
Давлатимиз раҳбари коррупцияга қарши кураш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши, бу жараёндан ҳеч ким четда турмаслиги кераклигини қайд этди. Шу боис, коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш учун янада кўпроқ шароит яратиб, бунга кенг жамоатчиликни жалб қилишимиз зарурлиги, аввало, нодавлат ташкилотлар фаоллигини ошириш лозимлиги ва бу энг тўғри йўл эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, йиғилишда парламент нодавлат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди. Масалан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича конвенция талабларини мониторинг қилишга нодавлат ташкилотлар жалб қилинса, катта самара беришига ишонч билдирилди. Ушбу мақсадлар учун янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга ҳар йили 10 миллиард сўмдан ажратиб борилиши айтилди.
Шу ўринда эътироф этиш керакки, коррупциянинг ҳар қандай турига қарши курашишда давлат фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда иш юритиши мақсадга мувофиқ. Бунинг бир қанча афзал томонлари бўлиб, у муайян кўриниш ва механизмларда ўз аксини топган. Хусусан, соҳада олиб борилаётган давлат сиёсатини мониторинг қилиб боришда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳам ўрни ва роли бор. Зеро, мониторинг юритиш орқали масъул раҳбарларда жавобгарлик ҳисcининг ошишига, уларнинг омма олдида мунтазам ҳисобот бериб боришига эришилади. Бу эса, ўз навбатида, давлат органларининг халққа ҳисоб бериб бориш тизимининг такомиллашишига, шунингдек, аҳолининг фикрини доимий эшитиб бориш орқали коррупцияга қарши курашиш борасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Айтиш мумкинки, коррупцияга қарши курашишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан олиб борилаётган ишлар бугун ўз самарасини бермоқда. Хусусан, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби соҳаларни тартибга солиш борасида кўрсатилаётган ташаббуслар шулар жумласидандир. Бу ишлар кўламини янада кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш мумкин.
Элёр УЛУҒМУРОДОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Самарқанд ҳудудий бўлими раҳбари.
ЎзА