"Музлаб қолган" биноларга ҳаёт бағишланади
Сирдарё вилоятида банклар балансларида турган ва фойда келтирмаётган биноларни самарали ишга тушириш, уларни даромад келтирадиган активларга айлантириш масаласи танқидий таҳлил қилинди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов тадбирда шунчаки ҳисобот билан чекланишдан кўра, амалдаги натижага эришишни асосий мақсад қилиб қўйди.
Таҳлил ва тақдимот оддий ҳисоботдан кўра кўпроқ амалий мулоқотга айланди. Вилоят раҳбари асосий талабни аниқ қўйди: “Қоғоздаги активлар”ни ишлайдиган, даромад келтирадиган ва янги иш ўринлари яратадиган реал лойиҳаларга айлантириш керак.

– Банк балансида туриб қолган, ишламай турган бино — бу ўлик ресурс. Уни шунчаки сақлаб ўтириб бўлмайди. Ҳар бир девор ортида йўқотилган имкониятлар бор: бюджетга тушум, аҳолига хизмат, одамлар учун иш ҳақи. Бизнинг вазифамиз — мол-мулк тўплаш эмас, балки уни ишлатадиган, унга ҳаёт бағишлайдиган тадбиркорларга бериш. Объектларни ишга тушириш муддатлари аниқ ва қатъий бўлиши шарт. Шахсий жавобгарлик белгиланади. Жараённи чўзишга йўл қўйилмайди, – деди вилоят раҳбари.
Ҳар бир объект бўйича аниқ “йўл харитаси” тасдиқланди. Биноларнинг мақсади белгиланди, масъуллар бириктирилди ва фойдаланиш муддатлари қатъий қилиб белгиланди. Эндиликда бу бинолар нафақат иқтисодиёт учун, балки маҳаллий аҳоли ва янги иш ўринлари учун ҳам самарали манбага айлантирилиши кутилмоқда.

Вилоят раҳбарининг бу ташаббуси тижорат банклари, тадбиркорлар ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасида самарали ҳамкорликни мустаҳкамлайди. “Музлаб қолган” активлар иқтисодиётда қимматли ресурсга айлантирилади ва шу орқали фақат молиявий ҳисоботлардаги рақамлар эмас, балки ҳақиқий ҳаётда самара берувчи, одамлар ва жамият учун қимматли лойиҳалар яратилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири