Коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланди
Коррупцияга қарши курашиш бугун давлат сиёсатидаги энг устувор йўналишлардан бирига айланган. Айниқса, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида қонунийлик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, давлатга бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Ана шу мақсадда Бухоро вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекциясида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни ҳудудий инспекция бошлиғи ўринбосари Л. Улуғов очиб, тизимда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига мутлақо муроса қилинмаслигини алоҳида таъкидлади. Қайд этилганидек, ҳар бир давлат хизматчиси ўз вазифасини ҳалоллик, виждонан ёндашув ва юксак масъулият билан бажариши, давлат хизмати шаъни ва обрўсини сақлаши зарур.
Тадбир давомида соҳада очиқлик ва шаффофликни янада кучайтириш, қарор қабул қилиш жараёнларида холисликни таъминлаш, фуқаролар мурожаатларини қонун талаблари асосида адолатли кўриб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, профилактик тадбирларни кенгайтириш ва ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш коррупциянинг олдини олишдаги энг самарали воситалардан бири экани қайд этилди.

Йиғилишнинг асосий мавзуларидан бири сифатида жорий йилнинг 22 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Қонуни мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Унда коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш, давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс-назорат тизими самарадорлигини ошириш, давлат харидларида коррупциявий хавфларни камайтириш, шунингдек, коррупция ҳақида хабар берган шахсларни ҳуқуқий ҳимоя қилишга қаратилган муҳим янгиликлар иштирокчиларга батафсил тушунтирилди.
Таъкидланганидек, коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки ҳар бир раҳбар ва ҳар бир давлат хизматчисининг шахсий масъулияти ҳисобланади. Ҳалоллик, очиқлик ва адолат тамойилларига содиқлик эса давлат бошқарувининг энг муҳим мезонидир.
Йиғилиш якунида тизимда соғлом иш муҳитини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини ошириш, коррупциядан холи фаолиятни таъминлаш ҳамда тарғибот ва тушунтириш ишларини изчил давом эттириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири