Амударёда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги Жайҳун маҳалласида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини оширишга қаратилган манзилли ишлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда маҳаллада қарийб 4 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Жорий йилда 70 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган бўлиб, бу борада “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маҳалла учун 2026 йилда мазкур дастур доирасида 1 миллиард 300 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит лимити ажратилган. Ҳозирга қадар ушбу маблағлар ҳисобидан ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва чорвачилик йўналишларини ривожлантириш мақсадида 50 нафардан ортиқ ишсиз фуқарога 700 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит берилган.
[gallery-30209]
Дастур доирасида маҳаллада оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган фуқаролар сафида Алишер Абдуллаев ҳам бор. У 33 миллион сўм имтиёзли кредит асосида нон ва патир тайёрлаш фаолиятини бошлаб, зарур ускуналар харид қилди. Шунингдек, Бекберган Тулубаев ажратилган кредит ҳисобидан 7 сотих ер майдонида замонавий иссиқхона барпо этган. У ернинг 5 сотихида бодринг, 2 сотихида помидор етиштириб, маҳаллий бозорларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда.
Жайҳун маҳалласида амалга оширилаётган бундай манзилли ишлар аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кўпайтириш ва ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА