Коррупцияга қарши кураш: очиқлик ва ишонч устувор
Коррупцияга қарши курашиш нафақат қонунбузарларни аниқлаб, жазолаш, балки давлат идораларининг шаффоф фаолияти, жамоатчилик назорати ва фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш ҳамдир.
Айнан шу мақсадда, Қорақалпоғистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш аъзолари учун икки кунлик семинар-тренинг ўтказилди. Мазкур тадбир Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқи молиявий кўмагидаги қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Семинар ҳудудий кенгашлар фаолиятини кучайтиришга қаратилган бўлиб, асосий мақсад — коррупциявий хавф-хатарларни эрта аниқлаш, давлат идоралари ҳамкорлигини яхшилаш, жамоатчилик ва ОАВ билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш.

Икки кун давомида иштирокчилар ҳудудий кенгашларнинг ҳуқуқий асослари, ваколатлари ва иш механизмларини ўрганди. Шунингдек, коррупциянинг олдини олишда очиқлик ва ҳисобдорликнинг аҳамияти муҳокама қилинди. Алоҳида эътибор давлат харидлари, бюджет маблағлари сарфи, давлат ташкилотларининг ахборот бериш масъулияти ва журналистлар кўтарган муаммоларга муносабат масалаларига қаратилди. Назарий билимлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди.
Иштирокчилар коррупциявий хавфларни аниқлаш, мурожаатлар ва ОАВ хабарларини таҳлил қилиш, муаммолар юзасидан тегишли идоралар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кўникмаларини ўзлаштирди.

Икки кунлик семинар якунида ўрганилган билимларни кундалик иш фаолиятида қўллаш, аниқланган муаммоларга манзилли ечимлар ишлаб чиқиш ва жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. Зеро, коррупцияга қарши курашиш натижаси фақат ўтказилган йиғилишлар ёки муҳокама қилинган масалалар сони билан эмас, балки мавжуд муаммоларнинг амалда қанчалик ҳал этилаётгани билан баҳоланади.
Санжар Тошпўлатов,
ЎзА