Ўзбекистон – Туркия: Иқтисодий ва сиёсий алоқалар
Ўзбекистон – Туркия муносабатлари асрларга бориб тақаладиган муштарак тарих, тил, дин ва бой маданий илдизларга таянади. Ушбу қардош давлат мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йил 16 декабрда тан олган. Бугун ўзаро алоқалар мисли кўрилмаган даражага кўтарилган.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған раислигида ўтказиб келинаётган Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгаши мавжуд алоқаларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир. Икки мамлакат БМТ, ТДТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида бир-бирининг дунёвий ҳамда минтақавий ташаббусларини изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Иқтисодий ва сармоявий соҳаларда ҳамкорлик жадал ривожланиб, Туркия Ўзбекистоннинг энг йирик 5 ташқи савдо шерикларидан бирига айланган. Сўнгги йилларда ўзаро савдо қиймати барқарор равишда 3 миллиард доллар атрофида шаклланиб, Туркиянинг республикамиз ташқи савдо айланмасидаги улуши тахминан 3,7-4,8 фоизни ташкил этмоқда.
Ўзбекистондан Туркияга экспорт қилинаётган асосий маҳсулотлар таркибида мис ва мисдан ясалган буюмлар, пахта калава ипи, кимёвий ўғит, газлама ва мато, мева-сабзавот ҳамда рангли металл устувор. Туркиядан импорт қилинаётган маҳсулотлар асосини эса машинасозлик ва саноат ускуналари, фармацевтика ва тиббиёт воситалари, тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак, елим, кимё ва қурилиш материаллари ташкил этади. Айни пайт томонлар ўзаро савдо миқдорини 5 миллиард долларга етказиш мақсади устида фаол иш олиб бормоқда.

Ҳозир Ўзбекистонда Туркия сармояси иштирокида фаолият юритаётган, сони 2 100 дан ошган корхоналар тўқимачилик, қурилиш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва энергетика каби юқори қийматли соҳаларга йўналтирилган. Шунингдек, транспорт ва логистика йўналиши ҳам стратегик аҳамиятга эга. Транскаспий халқаро транспорт йўлаги – Ўрта йўлак орқали ташилаётган юк ҳажмини ошириш диққат марказида. Тошкент, Самарқанд, Истанбул ва Анқара каби йирик шаҳарлар ўртасида ҳафтасига ўнлаб мунтазам ҳаво қатнови амалга оширилмоқда.
Маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида халқларимиз ўртасидаги дўстлик риштаси янада мустаҳкамланмоқда. 30 кунлик визасиз режим шароитида туризм ва зиёрат оқими муттасил тезлашяпти. Юртимизда туркиялик ҳамкорлар билан бирга таълим муассасалари ва академик алмашинув дастурлари йўлга қўйилган, кино санъати соҳасида бирга тарихий фильмлар суратга олинмоқда. Хавфсизлик ва мудофаа йўналишида эса минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва кадрлар тайёрлаш бўйича амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали ва аниқ рақамларга таянган шериклик нафақат икки халқ фаровонлиги, балки бутун Турк олами ва Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ҳамда тараққиётни таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Фардона Яхшибоева, ЎзА