Конимехда чорвачилик тармоғи изчил ривожланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилоятида чорвачиликнинг барча йўналишларини изчил ривожлантириш, соҳага замонавий технология ва илғор тажрибаларни жорий этиш, наслдорлик салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 1 ноябрь куни Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган йиғилишида чорвачилик тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган эди. Унда Конимех туманида 2024–2026 йиллар давомида Мўғулистондан гўшт-жун йўналишидаги наслдор қўй ва эчкиларни олиб келиш бўйича тегишли топшириқлар берилган.
[gallery-30504]
Мазкур вазифалар ижроси доирасида ветеринария соҳаси олимлари томонидан маҳаллий иқлим шароитига мос «Баят» зотли қўйлар танлаб олинди. Ушбу зот юқори маҳсулдорлиги билан ажралиб туради. Қўйларнинг тирик вазни ўртача 70–80 килограммни, қўчқорларининг вазни эса 100–120 килограммгача етади.
Бугунги кунга қадар Мўғулистондан Конимех туманига 15 мингдан ортиқ «Баят» зотли майда шохли чорва моллари олиб келиниб, парваришланмоқда. Бу эса туманда наслчилик ишларини такомиллаштириш, гўшт ва жун ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни пайтда туманда 300 дан ортиқ чорвачилик фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларда 631,8 минг бош майда шохли, 28,2 минг бош йирик шохли чорва моллари ҳамда 16,5 минг бош туя парваришланмоқда.
Шунингдек, чорвачилик тармоғида наслдорлик сифатини янада яхшилаш мақсадида чорвачилик хўжаликлари жойлашган ҳудудларда 30 та сунъий уруғлантириш пунктини ташкил этиш режалаштирилган. Бу борада сунъий уруғлантириш ишларини амалга оширадиган мутахассислар — инсеминаторларни тайёрлаш юзасидан Конимех туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўқув-семинарлари ташкил этилмоқда.
Сирож АСЛОНОВ(сурат),ЎзА