Комбинатда локомотив ва вагонлар босқичма-босқич янгиланяпти
Навоий кон-металлургия комбинати Шимолий кон бошқармасининг Темир йўл транспорти бошқармасига юқори техник-иқтисодий кўрсаткичларга эга бўлган янги магистраль тепловоз олиб келинди.
Бугунги кунда бошқармада юк ташиш жараёнида 18 та тепловоз ва 514 та вагондан фойдаланилмоқда. 2026 йилда “Қоқпатас ва Довғистов олтин конларида маъдан қазиб олиш (III навбати)” инвестицион лойиҳаси доирасида 3 та тепловоз ва 60 та вагон келтирилиши режалаштирилган.

– Қозоғистоннинг “Локомотив қуриш заводи” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий тепловоз таъмирлашнинг қулайлиги билан ажралиб туради, – дейди Темир йўл транспорти бошқармаси бошлиғи Жамшид Рўзиқулов. – Шунингдек, тепловоз ёқилғи тежамкорлик кўрсаткичлари, узоқ муддат фойдаланиш, машинистнинг ҳушёрлигини назорат қилиш тизимининг мавжудлиги ҳамда маҳаллий иқлим шароитларига мос келадиган техник кўрсаткичлари билан темир йўл транспорти бўйича барча қоида, меъёр ва йўриқномалар талабларига тўлиқ жавоб беради. Вагонлар тармоқлараро саноат кооперацияси доирасида комбинат эҳтиёжидан келиб чиқиб, Андижон механика заводида тайёрланган.

Корхона моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, техника паркини янгилаш бўйича олиб борилаётган бу каби ишлар комбинатда қимматбаҳо металл ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири