KOICA Ўзбекистонда АТ таълими учун 14 миллион доллар грант ажратди
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан умумий қиймати 14 миллион АҚШ долларига тенг “Ўзбекистонда АТ таълим экотизимини такомиллаштириш орқали ёшларнинг бандлик ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш” лойиҳаси амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида ёшлар сунъий интеллект, промпт муҳандислиги, дастурлаш, онлайн маркетинг каби замонавий АТ йўналишларида 4 йил давомида тизимли ўқитилади. 500 нафар АТ мутахассислари ва ўқитувчиларнинг малакаси оширилади. Кореялик етакчи экспертлар иштирокида стартап инкубация дастурлари йўлга қўйилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида 2026–2032 йиллар давомида Нукус ва Қарши шаҳарларида 2 та замонавий АТ-хаб ташкил этилади ва 7 та туманда 14 та АТ марказ қурилиб, жиҳозланади.

Мазкур лойиҳа таълим тизимини ривожлантириш, ёшлар бандлигини ошириш, инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатнинг рақамли келажагини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Нигора Раҳмонова,
ЎзА