Китобхон сардорлар анжумани ёшларни бирлаштирди
Сирдарё вилоятида ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, мутолаага бўлган қизиқишни янада ошириш ҳамда уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида Миллий китобхонлик ҳаракати, "Ёшлар ойлиги" ва "Долзарб 90 кунлик" тадбирлари доирасида Гулистон давлат университетида илк бор "ГулДУ + Сирдарёлик китобхон сардорлар анжумани" ташкил этилди.
Вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган китобхон сардорлар иштирок этган анжуман ёшларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтириш, уларни замонавий ахборот маконида фаол ва ташаббускор бўлишга ундаш, китобхонлик ҳаракатининг таъсир доирасини кенгайтиришга хизмат қилди.
Тадбирнинг очилишида Гулистон давлат университети проректори Абдушоҳид Пазилов мамлакат тараққиёти билимли, кенг дунёқарашли ва чет тилларини пухта эгаллаган ёшлар билан чамбарчас боғлиқ эканини таъкидлаб, китоб мутолааси билан бир қаторда хорижий тилларни ўрганиш бугунги куннинг муҳим талабларидан бири эканини қайд этди.

Анжуман доирасида "Университет овози" газетаси мухбири Наргиза Нўмонова иштирокчилар учун амалий семинар ташкил қилди. Унда ёшларга ахборот тайёрлаш, журналистик материал ёзиш, контент режалаштириш, ижтимоий тармоқлар учун сифатли материаллар тайёрлаш ва аудитория билан самарали мулоқот қилиш бўйича муҳим тавсиялар берилди.

Анжуман дастуридан ўрин олган "Зукко китобхон" интеллектуал беллашуви ва интерактив ўйинлар иштирокчиларнинг мантиқий фикрлаши, жамоада ишлаш ҳамда тезкор қарор қабул қилиш кўникмаларини синовдан ўтказди. Беллашувлар ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириб, уларнинг китоб мутолааси орқали орттирган билим ва салоҳиятини
намоён этиш учун муносиб майдон бўлди.

Ёшларни турли зарарли иллатлардан асрашга қаратилган маърифий ишлар ҳам анжуманнинг муҳим қисми бўлди. Хусусан, 26 июнь — Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни муносабати билан "Drug-diler" ( гиёҳванд ёки психотроп моддаларни сотиш билан шуғулланувчи шахс) мавзусида профилактик чиқиш намойиш қилиниб, гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари, унинг инсон тақдири ва жамият ҳаётига салбий таъсири ҳақида фикр алмашилди.

Шунингдек, университет проректорлари Фазлиддин Шарипов ва Қозим Қудратов иштирокида ўтказилган "Раҳбар ва ёшлар" мулоқоти ёшларни қизиқтирган қатор масалалар юзасидан очиқ фикр алмашиш майдонига айланди. Учрашувда талабалар ва китобхон сардорлар таълим сифати, китобхонлик ҳаракатини ривожлантириш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг таклифларини амалиётга татбиқ этиш юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.

Анжуман якунида интеллектуал беллашувлар ва турли йўналишларда фаол иштирок этган ёшлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Мазкур анжуман китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда мустақил фикрлаш, таҳлил қилиш ва лидерлик фазилатларини шакллантиришга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири