Китобсеварлар маскани
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона маркази қарийб 120 йиллик тарихга эга. Масканга ҳар куни юзлаб инсонлар билим ва кўникмаларини ошириш, мутолаа қилиш, ўзини қизиқтирган маълумотларни излаб топиш мақсадида ташриф буюради.
Марказ фондида 400 мингдан ортиқ номдаги адабиёт жамланган бўлиб, уларнинг салмоқли қисмини электрон ресурслар ташкил этади. Бу ерда турли ёш ва қизиқишдаги китобхонлар учун муносиб адабиётларни топиш имконияти мавжуд.
Фондда бадиий қиммати ва мазмун-моҳияти билан китобхонлар эътиборини тортадиган асарларга ҳам алоҳида ўрин берилган. Жумладан, Абдулла Қодирийнинг машҳур «Ўткан кунлар» романи марказда 30 нусхада мавжуд. Бу севимли асарни бир вақтнинг ўзида бир нечта китобхон мутолаа қилиши учун қулай имконият яратади.
[gallery-31291]
Айни пайтда марказ китобхонлари сони 32 мингдан зиёдни ташкил этади. Бу ерга ҳар куни ўртача 800–900 нафар киши ташриф буюраётгани аҳолининг китоб ва мутолаага қизиқиши юқори эканини кўрсатади.
Китобхонларга замонавий ва қулай хизмат кўрсатиш мақсадида марказда 7 та хизмат ва 7 та сектор фаолият юритмоқда. Электрон ресурслардан фойдаланиш, ахборот-библиография, фондларни сақлаш ва жамлаш, каталоглаштириш ҳамда рақамлаштириш шулар жумласидандир.
Шунингдек, ёшлар билан ишлаш, ўлкашунослик ва ҳуқуқий ахборот йўналишларида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Марказда даврий нашрларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда 200 дан ортиқ номдаги журнал ва 300 дан зиёд номдаги газетага обуна ташкил этилган.
Бу китобхонларга бадиий адабиётлар билан бир қаторда таълим, илм-фан, маданият ва жамият ҳаётига оид долзарб ахборотлардан мунтазам хабардор бўлиб бориш имконини бермоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА