"Китоб менинг дўстимсан"
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда Гурлан ахборот-кутубхона марказида ўтказган тадбир ана шундай номланди.
Ижодий учрашувда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, таниқли шоира Гавҳаржон Ибодуллаева ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими раиси Дилбар Бекчанова сўзга чиқиб, кутубхонага китоблар тўпламини топширишди.

Учрашувга ёш китобхон қизлардан ташқари китобни, адабиётни ўзига яқин дўст билган китобсевар онахонлар ҳам таклиф этилди. Улар ёшларни кўп китоб мутолаа қилишга даъват этаркан, китобхонликнинг аҳамияти, ёшлар таълим-тарбиясида китобнинг, адабиётнинг беқиёс ўрни борасида гапирдилар.
Шоира Гавҳаржон Ибодуллаева ўзининг унутилмас ёшлиги, меҳнат фаолияти ва ижодининг бетакрор лаҳзалари ҳақида мароқли ҳикоя қилди ва гўзал шеърларидан ўқиб берди. Қизлар ҳам севимли ижодкорнинг шеърларидан намуналар ўқиди.

Тадбир таниқли ижодкор ҳамда ёшларнинг ўзаро мароқли суҳбатлари, фикр ва мулоҳазалари билан янада мазмунли ўтди. Учрашув барчада унутилмас таассурот қолдирди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири