"Зиёли келажак"
“Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан “Зиёли келажак” лойиҳаси доирасида Бўзатов тумани “Еркиндәрья” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 7-сонли умумтаълим мактаби кутубхонасига 250 дона бадиий ва маърифий китоб тақдим этилди.
Ушбу ташаббус тадбиркор Азат Мустафаев раҳбарлик қилаётган “Атияж Гулзор” масъулияти чекланган жамияти молиявий кўмагида амалга оширилди.
Тадбирда таъкидланганидек, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларни илм-фан ва маърифатга йўналтириш ҳамда замонавий билимларни эгаллашга рағбатлантириш мақсадида “Юксалиш” ҳаракати томонидан “Зиёли келажак” лойиҳаси йўлга қўйилди.

Бугун дунёда кечаётган жадал ўзгаришлар инсондан нафақат билим, балки мустақил фикрлаш, ахборотни таҳлил қилиш ва тўғри хулоса чиқариш қобилиятини ҳам талаб этмоқда. Айниқса, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, уларда илмга қизиқиш уйғотиш ва доимий изланишга ундаш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Зеро, ёшларнинг билим ва тафаккури қанчалик юксак бўлса, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштироки ва келажакка қўшаётган ҳиссаси ҳам шунчалик салмоқли бўлади.
“Зиёли келажак” лойиҳаси айнан шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган. Лойиҳанинг асосий мақсади ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириш, уларни илм-фан ва маърифатга яқинлаштириш, интеллектуал ривожланиши учун зарур муҳит ва имкониятларни кенгайтиришдан иборат. Лойиҳа ёшларни китоб ўқиш, янги билимларни ўзлаштириш, мустақил изланиш ва ўз устида ишлашга рағбатлантиришни назарда тутади.

Бугунги ёшлар эртанги куннинг мутахассислари, олимлари, тадбиркорлари ва жамият фаолларидир. Шу боис уларнинг интеллектуал ривожига сармоя киритиш мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётига хизмат қиладиган муҳим омиллардан бири.
Интеллектуал ривожланиш бир марталик жараён эмас. У доимий ўқиш, изланиш, тажриба ва янги билимларни ўзлаштиришни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, “Зиёли келажак” каби ташаббуслар ёшларнинг таълим ва ўз-ўзини ривожлантиришга бўлган муносабатини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.
Тадбир давомида мактаб жамоаси ва ўқувчилар китоб инсон маънавиятини юксалтирувчи, билим ва тажриба манбаи эканлигини алоҳида таъкидлаб, мазкур хайрли ташаббусни мамнуният билан қабул қилди.
Билимли ва кенг дунёқарашга эга авлодни тарбиялаш нафақат таълим муассасаларининг, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир. Бу жараёнда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғоя ва ташаббусларига эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ёшларга берилган билим ва яратилган имкониятлар эртанги тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори бўлади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири