Киберхавфсизлик – замон талаби
Наманганда вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан “Ноябрь – киберхавфсизлик ойлиги” эълон қилиниши муносабати билан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбир аввалида қайд этилганидек, мамлакатимизда рақамли технологиялар ҳар бир соҳада кенг татбиқ этиб, чунончи фуқароларимизнинг Интернет тармоғидан фойдаланиш, тегишли ахборотларни ижтимоий тармоқларга эркин жойлаштириш учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Бу ўз навбатида, ҳар бир кибермакон фойдаланувчисидан ўз шахсига оид маълумотларининг ҳамда банк карта ҳисоб-варақларидаги мулкининг хавфсизлигини таъминлашда масъулиятини оширишни тақозо қилади.

Биробарин, аксарият фуқаролар фирибгарларнинг ёлғон алдовларига учиб, шахсий ва банк карта малумотларини тақдим қилиши оқибатида моддий-маънавий зарар кўраётганлиги кузатилмоқда.
– Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили, айниқса, банк карталари билан боғлиқ ўғрилик ва фирибгарлик ҳолатлари кундан-кунга тобора авж олаётганлигини кўрсатаётир, – деди Наманган вилояти ИИБ Киберхавфсизлик бошқармаси бошлиғи, капитан Аббосбек Маҳмудов. – Хусусан, сўнгги олти йилда юртимизда кибержиноятлар бўйича мурожаатлар сони 48 бараварга ошган. 2025 йилда юз берган фирибгарлик жиноятларининг 82 фоизи, ўғирлик жиноятларининг 76 фоизи кибермаконда кузатилиб, улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 2 триллион сўмдан ошган.

Дарҳақиқат, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг кескин кўпайиб бораётгани миллий қонунчиликка ушбу турдаги жиноятлар учун жазо чораларини оғирлаштириш ва кибержиноятларнинг янги шакллари учун жавобгарлик белгилаш бўйича нормаларни киритиш масаласи Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмоқда.
Замонавий таҳдидлар қаторида жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 2 минг 136 кибержиноят фош этилгани, 35 миллиард сўмлик маблағларнинг ноқонуний айланмасининг олди олингани, минглаб банк карталарини блоклаш орқали минглаб фуқароларнинг молиявий хавфсизлиги таъминлангани рақамли хавфсизликни таъминлаш бўйича ишлар изчил кучайтирилаётганини кўрсатади.

Дарвоқе, кибержиноятларнинг 56 фоизи зарарли ҳаволалар ва дастурлар юбориш орқали банк картаси ёки мобил қурилма бошқарувини қўлга киритиш йўли билан; 28 фоизи онлайн савдо платформаларидаги фирибгарликлар орқали; 12 фоизи пул кўпайтириш ҳамда сохта трейдерлик йўли билан пул ташлатиб олиш; 4 фоизи турли усулдаги фирибгарлик схемалари орқали фуқароларнинг пул маблағларини жалб қилиш тарзида содир этилмоқда. Мазкур турдаги ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида қатор ҳуқуқий ва ташкилий техник чоралари кўриб келинмоқда.
Демак, тарғибот қамрови ва самарадорлигини ошириш банклар, тўлов ташкилотлари, жамоатчилик муассасаллари ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг узвий ҳамкорлиги асосида комплекс ташвиқот олиб бориш заруриятини юзага келтирмоқда.

Анжуманда республика Ички ишлар вазирлиги кибержиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ишлаб чиқилган “АПК- қўриқчи” иловаси ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ахборот-коммуникация технологияларининг кенг тарқалиши ва реал вақт режимида чексиз ахборот алмашинуви имкониятлари ортиб бориши шароитида кибержиноятлар мураккаб трансмиллий муаммога айланиб бораётган бир пайтда мазкур платформа нақадар зарур аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Маълум қилинишича, Наманган вилоятида мазкур илова хозирга қадар қарийб 1 милионга яқин фуқароларнинг телефон қурилмаларига “плеймаркет” дастури орқали тортилиб, ўрнатилиши натижасида мурожаатлар сони 60 фоиз камайишига эришилди.
Шу нуқтаи назардан олганда, ушбу турдаги жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш юзасидан фуқароларнинг замонавий кибертаҳдидлардан огоҳлиги ва рақамли саводхонлигини ошириш ҳар қачонгидан муҳим ўрин тутади.

Тадбир якунида, журналистлар ва ижтимоий тармоқлар фаоллари ҳамда 30 ёшга бўлган йигит-қизлар ўртасида киберхавфсизлик ойлигига бағишланган танловлар ҳақида бафуржа тўхталиб, уларнинг ғолиб-совриндорлари ой сўнггида муносиб тақдирланиши айтиб ўтилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири