Каспий денгизи ва Ўрта йўлак: Оқтов шаҳрида Озарбайжон – Қозоғистон форуми бўлиб ўтди.
"АзерТАЖ" ахборот агентлиги хабар беришича, Оқтов шаҳрида "Каспий макроминтақаси: Озарбайжон ва Қозоғистон сиёсий шериклиги манзараси" мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Тадбирда икки мамлакат экспертлари, дипломатлари, жамоат арбоблари ва академик доира вакиллари иштирок этди.
"Озарбайжон маркази" жамоат фонди томонидан Диаспора билан ишлаш бўйича давлат қўмитаси ва Оқтов шаҳридаги бош консуллик кўмагида ташкил этилган анжуман очилишида Бош консул Ойхон Сулаймонли, Есенов университети ректори вазифасини бажарувчи Ермек Талантули, “Озарбайжон маркази” директори Илкин Оружев, “Дўстлик” этномаданий бирлашмаси раиси Шамсаддин Гусейнов ва эксперт Элдор Жафаров сўзга чиқди.
Дастурдан интеграциянинг ҳуқуқий асоси, транспорт дипломатияси ва Ўрта йўлак, шунингдек Озарбайжон – Қозоғистон алоқаларини мустаҳкамлашда диаспора ва жамоатчилик дипломатияси ролига бағишланган 3 шўъба йиғилиши ўрин олган эди.
Иштирокчилар Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда Ўрта йўлакнинг ўрни, ахборот дипломатияси, умумий тарихий ва маданий қадриятлар, шунингдек Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги муносабатларни муҳокама қилдилар.
А.Маматов, ЎзА