Ҳамдўстлик мамлакатлари Бокуда тўпланди
Шу кунларда Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича Маслаҳат кенгаши 39-йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев мамлакатимизнинг Кенгашдаги раислиги якунлари ҳамда 38-йиғилиш қарорлари ижроси юзасидан маъруза қилди.
Маърузада умумий меҳнат бозорини ривожлантириш, меҳнатни меъёрлаш соҳасида рақамли трансформация, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва реабилитация хизматларини такомиллаштириш борасидаги ишлар таъкидланди. Маъруза якунида Ўзбекистон Маслаҳат кенгашидаги раисликни Озарбайжонга топширди ҳамда ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур анжуман иштирокчи давлатлар учун аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш борасидаги энг илғор тажрибалар билан ўртоқлашиш ҳамда истиқболдаги қўшма лойиҳаларни белгилаб олиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади.

Гулноза Бобоева, ЎзА