Касблар фестивали
Гулистон шаҳри марказидаги Сирдарё вилоят мусиқали театри олд майдонида “Касблар фестивали” кўргазмаси ташкил этилди. Турли соҳалар бўйича намойиш этилган инновацион лойиҳалар, амалий чиқишлар ва мутахассислар билан очиқ мулоқотлар фестивалга келган ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Сирдарё вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят касбий таълим бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, касб-ҳунар техникумлари раҳбарлари, соҳа мутахассислари, ўқувчи-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
– Бугун вилоятимизда 22 та касбий таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда 83 та касб бўйича 10 минг нафардан зиёд ёшлар таҳсил олмоқда. Таълим жараёнига 800 нафардан ортиқ малакали педагог ва ишлаб чиқариш усталари жалб қилинган. Энг муҳими, ёшларимиз замонавий касбларни эгаллаб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқда, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Мавлонбердиев.
Қайд этилганидек, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб вилоятда техникумлар сони яна бештага оширилиб, жами 27 тага етказилади. Янги таълим муассасаларида энергетика, қурилиш, автомобилларга хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари ва сервис соҳалари бўйича мутахассислар тайёрланади.
Фестивалдаги энг қизиқарли нуқталардан бири техникумлар томонидан ташкил этилган кўргазмали павильонлар бўлди. Уларда энергетика, тиббиёт, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга оид амалий ишланмалар тақдим этилди.
Айниқса, Ширин энергетика техникуми ўқувчилари томонидан намойиш этилган қуёш панеллари ва шамол станцияси лойиҳаси қатнашчилар эътиборини тортди.
– Биз қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича лойиҳалар устида ишлаяпмиз. Яқинда республика танловида “яшил энергия” йўналишида 1-ўринни қўлга киритдик, – дейди техникум ўқувчиси Ҳасан Туробов. – Келгусида ҳам қуёш ва шамол энергияси бўйича янги ишланмалар устида ишлашни мақсад қилганмиз.
Фестивалда халқаро таълим дастурлари ҳам кенг тарғиб қилинди. Сирдарё тумани 1-сон техникуми директори Муҳиддин Зарифовнинг айтишича, “Pearson” халқаро дастури асосида таҳсил олган ўқувчилар миллий диплом билан бир қаторда халқаро сертификатга ҳам эга бўлмоқда.
[gallery-29275]
– Бу дастур ёшларга хорижда ўқиш ва ишлаш имкониятларини кенгайтиради. Бугунги кунда ўқувчиларимиз нафақат касб ўрганмоқда, балки халқаро меҳнат бозори учун ҳам тайёрланмоқда, – деди у.
Бу йил мазкур дастур бўйича 90 нафар ўқувчи қабул қилинган бўлса, келгуси йилларда бу кўрсаткични 250 нафарга етказиш режалаштирилган.
Фестиваль давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган касблар бўйича мутахассислардан маслаҳат олди, амалий жараёнларда иштирок этди. Бу эса тадбирнинг аҳамиятини янада оширди.
Муҳими, “Касблар фестивали” ёшларнинг келажак касбини онгли танлаши, ўз иқтидори ва қизиқишига мос йўналишни белгилаб олиши учун муҳим майдон вазифасини ўтади.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА