Касбий таълим: Германия стандарти асосида
Таълим ва ислоҳот
Фарғона политехника институтида “Малакали кадрлар тайёрлаш ва касбий таълимга халқаро таълим дастурларини жорий этиш” мавзусида форум бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Германиянинг “AVESTOS” GmbH компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда Фарғона, Андижон, Наманган вилоятларидаги касбий таълим ташкилотлари раҳбарлари, туман-шаҳар ҳокимликлари масъуллари, йирик иш берувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Форумда Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов қатнашди ва анжуман қатнашчилари ишига омад тилади.

– Бугунги форум ўз аҳамиятига кўра жуда долзарб мавзуга бағишланган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан касбий таълим соҳасида муҳим ислоҳот ва ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Яъни турли йўналишларда малакали кадрлар тайёрлаш, касбий таълим тизимига халқаро таълим дастурларини жорий қилиш кечиктириб бўлмас вазифалардан саналади, – деди Ш.Полвонов. – Таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида 63 та техникумларга 331 та корхона-ташкилотлар бириктирилди.
Таъкидлаш керакки, Фарғона вилоятида касбий таълим ташкилотлари ва иш берувчилар билан ҳамкорликда дуал таълимни ташкил этиш йўлга қўйилиб, ўқувчилар қамровини йил якунига қадар икки баробарга ошириш режалаштирилган. Ҳозиргача иккита техникумда дуал таълим бўйича 111 нафар ўқувчилар қабул қилинди.
– Ўқувчи-талабаларга таълимни ўз йўналишига мос ташкилотда меҳнат қилиш билан биргаликда олиб бориш имкониятини берувчи тизим – дуал таълимга қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда. Чунончи, 2024 йилда вилоятимизда 43 та касбий таълим ташкилотларида 29 та касб бўйича 3594 нафар ўқувчилар дуал таълим шакли бўйича ўқитилган бўлса, жорий йилда жами 51 та касбий таълим ташкилотларида 32 та касб бўйича 7000 нафар ўқувчиларни дуал шаклида ўқитиш режалаштирилган, – дейди Фарғона вилоят Олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов. – Мазкур форумда ана шу дуал таълим жараёнида нималарга эътибор қаратиш, маҳаллий ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликни қандай йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Касбий таълим ташкилотлари раҳбарлари ва иш берувчилар ўзларига тегишли хулосалар олди.

Форум давомида касбий таълимга халқаро таълим дастурларини жорий қилиш, ички ва ташқи меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш, бу жараёнга манфаатдор вазирлик ҳамда идораларни жалб қилиш, ҳамкорликда дуал таълимни кенг жорий этиш, хусусан, бу борада “AVESTOS” GmbH компанияси билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар хусусида фикр-мулоҳазалар айтилди, маърузалар тингланди.
Маълумот учун, Лейпсиг (Германия) шаҳридаги Ҳунармандчилик палатаси ва “AVESTOS” GmbH компанияси билан ҳамкорликда Қашқадарё вилоятида эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Шаҳрисабз шаҳридаги ва Ғузор туманидаги 1-сон политехникумларда тўлиқ немис таълим стандартларига асосланган касбий таълим тизими жорий қилинган. Бу таълим муассасаларида “Бино ва иншоотлар қурилиши” ва “Металлар технологияси” касблари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган бўлиб, айни кунда таълим ташкилотларининг 8 нафар ўқувчиси Лейпсиг шаҳрида малака ошириб, тегишли сертификатлар олган. Яъни эндиликда бу битирувчилар тўғридан-тўғри Германиядаги корхоналарда ишлаш имкониятини қўлга киритган.
Савол-жавоблар ва қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтган форумда кўплаб таклифлар ҳам айтилди, водий вилоятларидаги касбий таълим ташкилотлари раҳбарлари томонидан муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Яқин келажакда шу каби хорижий компаниялар билан узвий алоқалар ўрнатишга киришиш зарурлиги таъкидланди.
М.Сулаймонов, ЎзА