Касаба уюшмалари – ходимлар манфаати ва ёшлар қўллаб-қувватловчиси
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Улуғбек Жалменов ҳамда талаба-ёшлар иштирокида учрашув ташкил этилди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда касаба уюшмаларининг жамият ҳаётидаги ўрни, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббус ва таклифларини рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, таълим муассасасидаги ёшлар ҳаётини янада ривожлантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва ташаббусларини билдирдилар.

Тадбир якунида касаба уюшмалари ҳамда институт ҳаётида фаол иштирок этиб, ўзининг ташаббускорлиги, фидойилиги ва самарали меҳнати билан алоҳида намуна кўрсатиб келаётган фаол талабалар ҳамда ёш ходимлар муносиб тақдирланди.

Учрашув ёшлар ва касаба уюшмалари вакиллари ўртасида ўзаро мулоқотни мустаҳкамлаш, талаба-ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни ижтимоий ҳаётда янада фаол бўлишга рағбатлантиришга хизмат қилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири