Картошкачилик ва аграр инновациялар: Жанубий Корея тажрибаси ўрганилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, илмий-тадқиқот институтлари ҳамда соҳа вакилларидан иборат делегация “Ўзбекистонда картошка уруғчилигини ривожлантиришда кадрлар салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида Жанубий Корея Республикасида бўлиб турибди.
Ташриф давомида делегация Халқаро боғдорчилик институти, Миллий боғдорчилик ва махсус экинлар тадқиқот институти, Буан давлат қишлоқ хўжалиги технологиялари маркази, Миллий уруғчилик маркази (National Seed Center) ҳамда Вонкванг университети фаолияти билан танишди.
Ташриф давомида картошка уруғчилиги, вируслардан холи уруғлик етиштириш, селекция, уруғларни сертификатлаш ва замонавий лаборатория технологиялари бўйича Корея тажрибаси ўрганилди.

Шунингдек, амалий машғулотларда вирусларни тезкор аниқлаш, гидропоника, ин-витро лабораториялари, ақлли иссиқхоналар, сунъий интеллект ва BIG DATA технологияларини қишлоқ хўжалигига жорий этиш бўйича илғор ечимлар намойиш этилди. Делегация аъзолари ёш фермерларни замонавий технологиялар асосида тайёрлаш тизими ва уларни амалий қўллаб-қувватлаш механизмлари билан ҳам яқиндан танишди.
Ташриф доирасида картошка уруғчилиги ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, Самарқанддаги Ўзбекистон–Корея картошка уруғчилиги маркази фаолиятини ривожлантириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда қўшма илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Шунингдек, жорий йилда Самарқанд шаҳрида кореялик талабалар учун қишки мактаб ташкил этиш бўйича дастлабки келишув ҳам имзоланди.
Ўрганилган илғор тажрибалар мамлакатимизда картошка уруғчилиги, замонавий агротехнологиялар ва илм-фан интеграциясини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА