Камилла Раҳимова Винус Уильямс тўсиғидан муваффақиятли ўтди
Канаданинг Торонто шаҳрида аёллар тенниси бўйича дунёдаги энг нуфузли мусобақалардан бири — «Omnium Banque Nationale» турнири Камилла Раҳимова учун муваффақиятли бошланди.
WTA 1000 тоифасига кирувчи мазкур мусобақанинг асосий тўр биринчи босқичида мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Камилла Раҳимова ўз вақтида жаҳон теннисининг етакчиларидан бири бўлган, америкалик тажрибали теннисчи Винус Уильямсга қарши кортга чиқди. Икки сет давом этган баҳсда ҳамюртимиз 6:4, 6:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришиб, мусобақанинг иккинчи босқичига йўл олди.
Энди Камилла навбатдаги босқичда чехиялик Катерина Синяковага қарши баҳс олиб боради.
Дарвоқе, соврин жамғармаси 7 миллион 433 минг 76 АҚШ долларини ташкил этувчи ушбу мусобақанинг яккалик баҳсларида яна бир теннисчимиз — Полина Кудерметова ҳам иштирок этмоқда. У биринчи босқичда нейтрал мақом остида ҳаракат қилаётган Алина Корнеевага қарши кортга чиқади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА