Журналистлар судлар фаолияти ва суд жараёнларини ёритиш кўникмаларини оширмоқда
Термизда бугун "Оммавий ахборот воситаларида суд органлари фаолияти ва суд жараёнларини ёритишда журналист ва блогерларнинг касбий малакасини ошириш" мавзусига бағишланган ҳудудий тренинг машғулотлари бошланди.
Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этаётган тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий суди жамоатчилик билан алоқалар маркази бош консультанти Азиз Абидов очди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офисининг лойиҳалар бўйича халқаро маслаҳатчиси Андриан Гринтеа видеомурожаат орқали тренинг машғулотининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича фикр юритди. Иштирокчиларни машғулотларда фаол қатнашишга чақирди.

Тадбирнинг биринчи куни журналист ва блогерлар “Суд тизимини тушуниш ва халқаро стандартлар” мавзусидаги машғулотларда иштирок этиб, одил судлов соҳасидаги билим ва кўникмаларини оширди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди жамоатчилик билан алоқалар маркази бош консультанти Азиз Абидов ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари тренерлари Даиниус Радзевичиус ва Олена Черниявска журналистларга мамлакатимиздаги суд-ҳуқуқ тизими, очиқ одил судлов тамойиллари, суд ва ҳуқуқий репортажларнинг ўзига хос жиҳатлари, шунингдек, судлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи халқаро стандартлар ҳақида маълумот берди.

"Суд тизими ва ҳуқуқий атамаларни қанчалик яхши биласиз?" мавзусидаги интерфаол тест ўтказилди.

Машғулотлар давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири