Жўрабек Мирзамаҳмудов: “Энергетика келажаги ёш мутахассислар салоҳиятига боғлиқ”
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Тошкент халқаро Вестминстер университети талабалари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Университет ўқитувчилари, талабалар ҳамда соҳа вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакат ёқилғи-энергетика тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, тармоқда қўлланилаётган замонавий ёндашувлар ва соҳанинг келгуси ривожланиш йўналишлари хусусида фикр алмашилди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўз чиқишида энергетика тармоғида олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришлар юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни талаб қилишини таъкидлади.
– Энергетика соҳаси бугун жадал ривожланиш босқичида. Янги қувватларни ишга тушириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш, рақамли технологияларни жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича вазифалар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнларда билимли, ташаббускор ва замонавий ёндашувларга эга ёш мутахассисларнинг ўрни беқиёс. Энергетика келажаги айнан ёшлар салоҳияти, уларнинг билими ва интилишига боғлиқ, – деди вазир.

Қайд этилишича, бугун энергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва замонавий технологияларни жорий этиш жараёнлари юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни янада оширмоқда. Шу боис, рақобатбардош, инновацион фикрлайдиган ва замонавий бошқарув кўникмаларига эга ёш мутахассисларни тайёрлаш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Мулоқот жараёнида талабалар энергетика соҳасидаги замонавий тенденциялар, янги лойиҳалар ва тармоқнинг ривожланиш истиқболлари ҳақида қўшимча маълумотларга эга бўлди.
Тадбир якунида талабалар билан савол-жавоб ҳамда очиқ мулоқот ташкил қилиниб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган мавзулар юзасидан фикр алмашди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА