Муаммоларни жойларга чиққан ҳолда ўрганишнинг аҳамияти
Жиззах шаҳрида O‘zLiDeP нинг “Халқ билан бирга” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган сайёр қабул аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, одамлар дардига қулоқ тутиш ва манзилли ечимлар топишда муҳим амалий майдонга айланди.
“Кимёгар” маҳалласида ўтказилган тадбирда шаҳарнинг 34 та маҳалласидан келган 200 нафардан ортиқ фуқаронинг 73 та мурожаати кўриб чиқилди. Унда маҳаллий ҳокимлик, мутасадди ташкилотлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари ҳамда партия фаоллари иштирок этишди.

Сайёр қабул давомида аҳолини қийнаётган электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти, ички йўлларни таъмирлаш, бандликни таъминлаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган кўчатларни суғориш тизимини яхшилаш каби долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, имконияти чекланган фуқаролар учун ўқув курслари ташкил этиш, ишга жойлашиш ва даволаниш учун моддий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ мурожаатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Эътиборлиси, мурожаатларнинг 32 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Айрим фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалалар эса депутатлар ва масъуллар назоратига олинди.

“Заргарлик” маҳалласида яшовчи II гуруҳ ногирони Гулбаҳор Давлетованинг ташаббуси ҳам амалий қўллаб-қувватланди. У ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган фуқаролар учун касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этиш мақсадида мурожаат қилди. Мутасаддилар ва депутатлар мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, тикув машиналари ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминлашда амалий ёрдам беришини билдиришди.

Бугун аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, муаммоларни жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ва ечим топиш давлат бошқарувининг муҳим мезонига айланмоқда. “Халқ билан бирга” тамойили асосида ўтказилаётган бундай сайёр қабуллар эса одамларнинг дарду ташвишини енгиллатиш, уларнинг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА