Жон Заиди: Ўзбекистон “яшил” энергетика соҳасида дунёга намуна бўлмоқда
Ўзбекистон сўнгги йилларда “яшил” энергетика соҳасида йирик ислоҳотлар ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда. Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда декарбонизация жараёнларини жадаллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.
Хусусан, халқаро инвесторлар иштирокида қуёш ва шамол электр станциялари, яшил водород, энергия сақлаш тизимлари ҳамда электр узатиш тармоқларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон энергетика ҳафталиги доирасида “ACWA” компаниясининг мамлакатимиздаги раҳбари Жон Заиди ЎзА мухбирига интервью берди:
– Ўзбекистон шундай экотизим яратмоқдаки, бу жараён фақат “яшил” энергия ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмайди. Балки бу инфратузилма, электр узатиш тармоқлари ҳамда энергетика трансформациясини қўллаб-қувватлайдиган инсон капиталини ривожлантиришни ҳам ўз ичига олади.
Ўзбекистон ушбу йўналишларни уйғунлаштириб, бутун дунё учун ибратли намуна кўрсатмоқда. Давлат мутасаддилари таъкидлаганидек, 2030 йилгача мамлакат “яшил” энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган.
Биз ушбу трансформациянинг бир қисми бўлаётганимиздан мамнунмиз. “ACWA” ҳозирги кунда “яшил” энергетика соҳасидаги энг йирик инвесторлардан бири ҳисобланади. Бизнинг Сирдарёда 1,5 ГВт қувватга эга иссиқлик электр станцияси (ИЭС) лойиҳамиз мавжуд. Шунингдек, яқинда умумий қуввати 1 ГВт бўлган “Bash” ва “Dzhankeldy” шамол электр станцияларини, шу билан бирга, қуввати 1000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ҳамда 1300 МВтли энергия сақлаш тизимларини (BESS) ўз ичига олган “Sazagan” лойиҳасини ишга туширдик.
Қуввати 200 МВт бўлган “Riverside Solar” ва 500 МВтли энергия сақлаш тизимлари (BESS) лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда. Бу Марказий Осиёдаги энг муҳим лойиҳалардан бири бўлиб, мазкур йўналишда энергия таъминоти барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Қорақалпоғистондаги қуввати 200 МВтли ва 100 МВтли BESS тизимига эга “Nukus 2” лойиҳаси ҳам биз учун муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, умумий қуввати 2000 МВт ва 550 МВтли BESS тизимига эга Қўнғирот лойиҳалари бўйича ишлар бошланган. Келгусида қуввати 5 ГВт бўлган “Aral Wind” шамол электр станцияларини қуриш ҳам режалаштирилган. Шу тариқа, Қорақалпоғистон шамол энергетикаси хабига айланади.
Яна бир муҳим жиҳат - маҳаллийлаштириш. Бу борада катта натижаларга эришилмоқда. Ҳозирги кунда ушбу лойиҳалар доирасида қарийб 1,1 миллиард долларлик маҳаллийлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу маҳаллий саноат учун ҳам катта ютуқдир.
Бугун маҳаллий корхоналар кабеллар, ўтказгичлар ва ёрдамчи ускуналар ишлаб чиқармоқда. Шу билан бирга, кўплаб маҳаллий мутахассислар энг юқори хавфсизлик ва экологик стандартлар асосида қурилиш ишларида иштирок этяпти.
Биз нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа келажагига хизмат қиладиган энергетик инфратузилма ва экотизим яратаётганимиздан фахрланамиз. Келажак эса жуда ёрқин кўринмоқда. Ҳозирги пайтда режаларимиз қаторида Қўнғирот лойиҳалари бор. Бу шамол, қуёш ва энергия сақлаш тизимларини (BESS) ўз ичига олган қарийб 2 ГВтлик мажмуа ҳисобланади.
Самарқанддаги 1,8 миллиард долларлик лойиҳамиз ҳам мавжуд бўлиб, у ҳам қуёш энергетикаси ва энергия сақлаш тизимларини қамраб олади.
Шу билан бирга, “яшил” водород соҳасида ҳам катта имкониятларни кўряпмиз.Биз Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида қуввати 3000 МТА бўлган илк пилот лойиҳани бошладик ва ҳозир Ўзбекистоннинг декарбонизация дастури доирасида “яшил” водородга қизиқиш ортиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу энергия истеъмолини камайтириш ва тизимни декарбонизация қилишга хизмат қилиши мумкин.
Очиғини айтганда, мамлакатнинг бундай инфратузилмасини қўллаб-қувватлаётган ташаббускорларданмиз. Масалан, Қўнғиротдан электр энергиясини бошқа ҳудудларга узатиш учун 1400 километрлик электр линияси қурилмоқда. Шунингдек, Сазағонда 500 кВли электр узатиш тармоғи барпо этилмоқда. Бу минтақа учун ўзига хос ва ноёб лойиҳалардан бири. Бундан ташқари, инфратузилманинг муҳим қисми бўлган подстанциялар ва совутиш станцияларини ҳам бунёд этяпмиз.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг барқарор ва экологик тоза келажагини таъминлашга хизмат қилади. Шу боис, бу йўналишдаги ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланиб боради.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.