45 ёшдан кейинги ҳаёт формуласи
Бугун Самарқандда “Ҳаёт формуласи 45+: соғлиқ, донолик, гўзаллик” номли иккинчи аёллар форуми ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг Самарқанд вилоят филиали, Ўзбекистон акушер-гинекологлар ассоциацияси, Ўзбекистон перинатал тиббиёт мутахассислари ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилган форумда мамлакатимиз тиббиётчилари билан бирга Россия, Украина, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан соҳа вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этмоқда.
Форум доирасида дастлаб “Менопауза даврида аёллар муаммолари – фанлараро ёндашув” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Анжуманда соғлиқни сақлаш вазирлиги бош акушер-гинекологи Лола Абдуллаева, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебо Саидова, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наталья Нодирхонова илмий-амалий конференция мавзуси бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири эканлигини таъкидлаб, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг соғлом ҳаёт кечириши учун зарур бўлган омиллар ҳақида сўз юритди.
[gallery-29404]
Тадбирда гинекология, эндокринология, кардиология, психология ва бошқа тиббиёт соҳалари мутахассислари менопауза даврида аёлларнинг соғлиғи ва ҳаёт сифатини сақлаш билан боғлиқ долзарб масалалар моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Иштирокчилар менопауза билан боғлиқ касалликларни ташхислаш, олдини олиш ва даволашнинг замонавий ёндашувлари, шунингдек, мутахассислар ўртасидаги мультидисциплинар ҳамкорлик масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
– 45 ёшдан сўнг аёлларда турли физиологик ўзгаришлар сезилиб, бу жараёнлар уларнинг соғлигига таъсир кўрсатади, – дейди Республика ихтисослашган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вакили, тиббиёт фанлари доктори Севара Иргашева. – Хусусан, юрак-қон, асаб тизими, эндокрин хасталиклар уларга хавф солиш эҳтимоли юқори. Одатда бу ёшдан кейин жуда кўп аёллар фаол ҳаётдан чекиниб, хотиржамликка берилади. Ваҳоланки, айнан шу ёшдан аёллар доимий жисмоний машқлар, қизиқарли машғулотлар билан шуғулланиб туриши зарур.
Форумда етакчи олимлар томонидан аёлларда гормонал ўзгаришларнинг ўзига хос хусусиятлари, юрак-қон томир касалликларининг профилактикаси, суяк тизими саломатлиги ва остеопорознинг олдини олиш, аёлларнинг психоэмоционал ҳолати каби масалалар бўйича маърузалар ўқилди. Бу борада дунёда эришилаётган илмий натижалар ва янгиликлар хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, панель муҳокамалар, маҳорат дарслари ва мутахассислар ўртасидаги амалий тажриба алмашинувлари ташкил этилди.
– Форумда мамлакатимиз ҳамда хорижлик мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашаётгани муҳим аҳамиятга эга, – дейди Республика ихтисослашган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиали раҳбари Лола Ҳамроева. – Уларнинг маърузалари, илмий ўрганишлари натижалари ҳар бир мутахассис учун билимларини янада бойитиш имконини беради. Чунки аёлнинг соғлом бўлиши бугун фақат битта омилга эмас, бир нечта факторларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу масалада етакчи тиббиёт муассасаларининг тавсиялари, қарашларини ўрганган ҳолда умумий хулосаларни жамлаш ва амалиётга татбиқ этишни мақсад қилганмиз.
Бугун Самарқандда туғруққа кўмаклашувчи 20 га яқин тиббиёт муассасаси, 15 та туғруқ комплекси, 4 та перинатал марказ фаолият кўрсатмоқда. Айтиш керакки, аёлларнинг соғлом фарзанд дунёга келтириши уларнинг соғлом турмуш тарзига нечоғлик риоя қилаётганига бевосита боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу масалада акушер-гинекологларнинг доимий тавсиялари, улар билан тўғри мулоқотни йўлга қўйишлари ҳам муҳим омиллардан биридир.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари