Жиззахлик мутасаддилар қишга қанчалик тайёр?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов энергетика соҳаси билан ўтган йиғилишда аҳолини газ, электр, кўмир, иссиқлик ва бошқа ёқилғи таъминотида жиддий эътибор қаратилиши лозимлиги юзасидан мутасаддилар зиммасига аниқ вазифалар юклади.
Қиш фаслининг илк ойи – декабрь бошланиши билан Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари узра қалин қор ёғиб, мамлакатимиз учун ноодатий бўлган ҳаво ҳароратининг кескин совуши кузатилмоқда. Бундай пайтда, идора, уй жой ва хонадонларни иситишга бўлган эҳтиёж кескин ортиб, газ, электр энергияси, ёқилғи маҳсулотларини сарфлаш даражаси меъёридан ортиб, таъминотда узулишларни юзага келиб чиқиши ва бундай ҳолатлар аҳоли орасида норозилик кайфияти уйғонишига сабаб бўлиши шубҳасиз.
Хўш, Жиззах вилоятидаги газ, электр, кўмир ва иссиқлик таъминоти соҳаси ходимлари куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрди? Шу йўналишда аҳоли норозиликларини олдини олиш, муаммоли вазиятларни тезкор ва одилона ҳал қилиш, осойишталикни сақлаш, қорли, аёзли кунларда аҳоли дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан қандай чора-тадбирлар олиб борилмоқда? Аҳолини табиий ва суюлтирилган газ, электр энергияси, кўмир ва иссиқлик билан таъминланиши қониқарли аҳволдами?
ЎзА мухбири юқоридаги каби саволлар билан “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали, “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти, “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти Жиззах вилояти филиали, вилоят уй жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси раҳбарларига мурожаат қилди.
Ушбу саволларга мутасаддилар қуйидагича жавоб берди.
– Вилоятмизда 160 минг 712 аҳоли хонадони ва 2 минг 237 та улгуржи истеъмолчи мавжуд бўлиб, шулардан саноат корхоналарининг 130 таси, кичик ва ўрта бизнес объектларининг 1 минг 636 таси, бюджет ташкилотларининг 450 таси, АГТҚШларнинг 15 таси ва иссиқлик манбаи қозонхоналарининг 6 таси табиий газ билан ҳамда 112 минг 582 та аҳоли хонадонлари суюлтирилган газ тўлдирилган баллонлари билан таъминланган, – дейди “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали раҳбари Баҳодир Холиқов. – Энергия ресурслари билан таъминлаш борасида юзага келиши мумкин бўлган норозиликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган тезкор профилактик тадбирларни амалга ошириб бориш мақсадида декабрь ойининг ўтган даврида табиий газ етказиб бериш кўрсаткичи 29,5 миллион куб метр ёки режага нисбатан 97,8 фоизни, шундан аҳолига 25,3 миллион куб метр ёки режага нисбатан 112 фоизни ташкил этди. Мавсум бошидан 24,8 миллион куб метр (3,9 фоиз) табиий газ тежалди.

Тасдиқланган график бўйича 374 тонна ёки режага нисбатан 115 фоиз суюлтирилган газ тўлдирилган баллонлар аҳоли хонадонларига тарқатилди. Ишимизни маҳаллабай тизимида олиб бориб, аҳоли ва бошқа истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларни тезкор, тўлақонли ва сифатли кўриб чиқиш, расмиятчилик ва юзаки ёндошувларга йўл қўймаслик мақсадида табиий газ билан таъминлаш, кучланиш ва босим пасайиши ҳамда тизимдаги бошқа муаммолар билан боғлиқ барча мурожаатларни ўз вақтида тўлиқ кўриб чиқилишини қатъий назоратга олганмиз.
Жорий йил бошидан 10 декабрига қадар табиий газ етказиб беришда 400 дан ортиқ мурожаат келиб тушди, шундан 302 таси ижобий ҳал этилди, 90 нафар мурожаатчига зарур тушунчалар берилди ва айни пайтда, 9 та мурожаат ўрганиш жараёнида.
Суюлтирилган газ етказиб беришда 120 га яқин мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 105 таси ижобий ҳал этилди, 10 нафар мурожаатчига зарур тушунчалар берилди, 4 та мурожаат ўрганилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 22-сонли қарорига асосан аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа обеъктларини куз-қиш мавсумида табиий газ билан бир меъёрда таъминлаш мақсадида – 29 та мавсумий, 108 та кафолатланмаган ва қисман ўчириладиган 433 та улгуржи истеъмолчилар рўйхати шакллантирилиб, жадвал вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланди ва тегишли тартибда жойларга етказилди.
2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида табиий газ таъминоти бўйича 15,3 километр (100 фоиз) газ тармоқлари реконструкция қилинди, 5 минг 134 дона (100 фоиз) ГРПлар тафтишдан ўтказилди, 154,7 километр (137 фоиз) тармоқ ҳаво босимида синалди, 164,1 километр (159 фоиз) газ қувурлари ҳолати текширилиб, 724,1 километр (101 фоиз) газ қувурлари бўялди.
Узилишларни олдини олиш учун 2022 йил ноябрь ойида вилоят бўйича жами 156 миллион метр куб табиий газ олиниши режалаштирилган бўлиб, амалга ошириладиган тадбирлар натижасида, 132 миллион метр куб сарфланади, натижада 24 миллион метр куб ёки 15,4 фоиз табиий газ иқтисод қилинди.
Президент Админстрацияси раҳбарининг топшириғига асосан 15 та АГТҚШни тасдиқланган график асосида кеч соат 17:00 дан – 23:00 га қадар ўчириш орқали бир ойда 9,4 миллион метр куб, бир кунда 315 минг 100 метр куб табиий газни тежаш чоралари кўрилди.
Вилоятдаги мавжуд фаолият юритаётган 26 та иссиқхоналарда ўрнатилган газ жиҳозларида режим-созлаш ишларини олиб бориш ҳамда куннинг мўътадил даврида газ сарфини қисқартириш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш орқали бир ойда 4 миллион 300 минг метр куб, бир кунда 145,1 минг метр куб табиий газни тежаш режалаштирилди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган жадвалга асосан жами 403 та улгуржи истеъмолчига кунлик ўртача 380 минг куб метр ҳажмидаги табиий газ бериш қисқартирилиб, аҳоли хонадонларига узатилмоқда. Жумладан, 2022 йил 1 октябрдан 29 та мавсумий истеъмолчига табиий газ етказиб берилиши тўхтатилган бўлиб, натижада ўртача кунлик 116 минг метр куб табиий газ иқтисод қилиб борилмоқда.
Мавсум давомида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган 108 та истеъмолчининг 43 таси тармоқдан ажратилиб, ўртача кунлик 720 минг метр куб газ ҳажми иқтисод қилиб борилмоқда. 223 та улгуржи истеъмолчиларга ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетганлиги сабабли газ истеъмолига 50 фоиз чекловлар ўрнатилиб, ўртача кунлик ҳисобда 44 минг метр куб табиий газ иқтисод қилинмоқда.
Куз-қиш мавсумининг жорий йил(сентябр, октябр, ноябрь, декабрь ойлари)га жами 9 минг 143 тонна суюлтирилган газга лимит ажратилган бўлиб, ноябр ойи режаси 1 минг 400 тоннани ташкил этади, амалда аҳоли хонадонларига 1 минг 415 тонна, 111 минг 527 та хонадонга 120 минг дона газ баллонлар етказиб берилди. Шунингдек, 800 донага яқин газ баллон захираси яратилган.
Асосий мақсадимиз, фуқароларимизни қишли-қировли, аёзли кунларни беташвиш, беталофат ўтказиб, хонадонларида зангори оловни мунтазам ёниб туришини таъминлашдан иборат.
– “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан 110 та подстанция, 13 минг 201 километрдан ортиқ электр тармоқлари ва 4 минг 567 дона трансформатор пунктига техник хизматлар кўрсатилиб, вилоятнинг барча электр таъминоти истеъмолчилари электр энергияси билан таъминланган, – дейди “Жиззах ҳудудий электр таъминоти корхонаси” АЖ техник директори Пўлат Ўнаров. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 сентябрдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022-2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 522-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан 2022-2023 йиллар куз-қиш даврида кафолатли электр энергияси билан таъминлаш учун ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига асосан жорий йилда 1 минг 327 километрдан ортиқ электр тармоқлари ҳамда 410 дона трансформатор пунктлари 100 фоиз мукаммал таъмирланди.

Шу билан бирга 2022 йилда салкам 2 минг 962 километр электр тармоқлари, 657 дона трансформатор пунктларини ва 95 та 35-110 кВ кучланишли подстанцияларида 100 фоизга жорий таъмирлаш ишлари бажарилди.
Вилоятимиз ҳудудида электр узатиш тармоқларида талофатли ўчишларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг биринчи чорагида 183,5 километр электр узатиш тармоқлари дарахт шохларидан тозаланди. 35-110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларида 168 та (ППЗ) қуш қўнишидан ҳимояловчи ускуналар ўрнатилди. Шу билан биргаликда 35-110 кВ кучланишли подстанцияларда эстетик ҳолатини яхшилаш бўйича тозалаш ва бўёқлаш ишлари амалга оширилди. Мойли ускуналарнинг кафолатли ишлашини таъминлаш мақсадида 140 тонна трансформатор мойи харид қилиниб, мойли ускуналар мой сатҳи меъёрига келтирилди.
Президент Админстрацияси топшириғига асосан Жиззах вилоятида 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, авария ва қисқа узилишларни олдини олиш, шамол, ёғингарчилик, совуқ каби табиий, электр энергияси меъёридан ортиқ даражада сарфланиши натижасидаги зўрланиш (нагрузка) каби сунъий ҳолатларда юзага келадиган авария ва узилишларни қисқа фурсатларда бартараф этиш мақсадида барча шаҳар ва туман электр тармоқлари корхоналаридаги 110 нафар мутахассис ходим 17 та тезкор бригада таркибига бириктирилиб, 15 та “Дамас” русумли автомашина ва 16 та махсус автотранспорт воситаси шай ҳолатга келтириб қўйилди.
Қиш мавсумини беталофат ва хавфсиз ўтказиш мақсадида ташкил этилган ушбу навбатчилик гуруҳи белгиланган график асосида “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ва унинг шаҳар, туман бўлимларида туну кун навбатчилик олиб боради.
– “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти Жиззах вилояти филиали 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги ижтимоий соҳа ташкилотлари ва кўмир ёқилғисига эҳтиёжи мавжуд аҳоли хонадонларини қўмир маҳсулоти билан таъминлаш ишлари режа асосида амалга оширилди, – дейди “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти Жиззах вилояти филиали директори Мирза Хуррамов. – Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 сентябрдаги 522-сон қарори ижросини таъминлаш, 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, ижтимоий соҳа муассасаларини тасдиқланган режа асосида кўмир маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди ҳамда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида зарур вазифалар белгилаб олинди.

2022-2023 йиллар куз-қиш мавсуми ижтимоий соҳа муассасалари режаси жами 19 минг 616 тонна ташкил этиб, шундан 100 фоиз кўмир маҳсулотлари жамғарилди ва ушбу соҳа муассасаларига, жумладан, Жиззах вилоят ҳалқ таълими бошқармаси тизимидаги умумтаълим мактабларига 15 минг 207 тонна (100 фоиз), мактабгача таълим бошқармаси тизимидаги мактабгача таълим ташкилотларига 2 минг 464 тонна (100 фоиз), соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасаларга 1 минг 425 тонна (100 фоиз), касбий таълимни ривожлантириш бошқармаси тизимидаги муассасаларга 490 тонна (100 фоиз) ва вилоят маданият бошқармаси тизимидаги муассасаларга 30 тонна (100 фоиз) кўмир маҳсулоти 100 фоиз етказиб берилган.
Аҳолини кўмир маҳсулотлари билан таъминлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, мавсум бошидан буён филиалга қарашли 6 та кўмир омборига жами 14 минг 771 тонна кўмир маҳсулоти келтирилган. Аҳолига 14 минг 680 тонна кўмир маҳсулоти сотилган. Жорий йил 8 декабрь ҳолатига кўра омборлардаги кўмир қолдиғи 520 тоннани ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқ ва “Ўзбеккўмир” АЖнинг буйруғига асосан кўмирга зарурати бўлган оиласида ногиронлиги бор, кекса, эҳтиёжманд оилаларга, яшаш ҳудудига қараб 6 та кўмир омборхоналаримиздан айтилган манзилларга кўмир маҳсулотини ўзимиз етказиб беришни йўлга қўйганмиз.
2022-2023 йиллар қиш мавсумида ижтимоий ташкилотларда ҳам, аҳоли орасида ҳам кўмир маҳсулотида муаммо юзага келмаслигига ишончим комил.
– Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан Жиззах вилоятидаги мавжуд 2 минг 344 та кўп қаватли – кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш мақсадида 29 та бошқарув ташкилотлари фаолият олиб бормоқда, – дейди Жиззах вилояти уй жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Турсун Эргашев. – Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 сентябрдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори, шу жумладан, барча давлат дастурлари доирасида вилоят ҳудудларидаги 192 та таъмирталаб бўлган уй-жой фондини мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари юзасидан 2 миллиард 991 миллион 400 минг сўм маблағ ҳисобидан режада белгиланган 165 та уйнинг том қисми, 357 та кириш йўлаги, 13 та фасад, 1 минг 14 та электр щити таъмирланиб, 313 та темир эшик ўрнатилди ва 222 та кодли қулф ўрнатилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан, жорий йилда Жиззах шаҳрининг “Иттифоқ” маҳалласидаги 32 та ва “Ёшлик” маҳалласидаги 35 та кўп квартирали уйларни мукаммал таъмирлаш ишларига 33 миллиард сўм ҳамда “Заргарлик” маҳалласида 22 миллиард 400 миллион сўм ҳисобидан “ЛК-1” қозонхонаси ва Фориш туманининг “Хонбанди” маҳалласидаги 17 та кўп квартирали уйларни иссиқлик таъминоти учун 22 миллиард сўм ажаратилиши белгиланган. Айни пайтда ушбу қарор ижроси юзасидан буюртмачи Жиззах вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси” томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, пудратчи ташкилотни аниқлаш бўйича тендер савдоларига қўйилган.
Бугунги кунда Президен Адмнистрацияси раҳбарининг топшириғига асосан “Жиззах сувтаъминоти” МЧЖ ва “Иссиқлик манбаи” ДУК ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳамда ҳудудларда фаолият олиб бораётган 29 та бошқарув ташкилотларида 24 соатлик диспетчирлик бўлимлари ва аварияларни бартараф этиш биригадалари ташкил этилган.
Бошқарув ташкилотлари томонидан куннинг аёзли кунларида хонадонларни иссиқлик ҳароратини сақлаш мақсадида кириш йўлакларининг эшикларига пружиналар ўрнатиш, фрамуга ойналарини плёнкалар билан қоплаш ҳамда энергия ресурсларини иқтисод қилиш мақсадида уй-жой фондининг кириш йўлакларига ҳаракат “датчикли лампа”лар ўрнатилмоқда.
Шу билан бирга бошқарманинг ҳудудий бўлимлари ва бошқарув ташкилоти ходимлари билан биргаликда кўп квартирали уйлардаги хонадонларга кириб уларнинг муаммолари хонадонбай тизимида ўрганилиб, аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилмоқда.
Қорли-аёзли қиш мавсумини беталофат ўтказиш, фуқароларимиз хонадонларини иссиқлик билан мунтазам таъминлаш, иссиқлик таъминоти билан боғлиқ юзага келган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш йўлида барча зарур чора-тадбирларни изчиллик билан амалга ошириб борамиз.
ЎзА мухбири Абдужалол Қаюмов суҳбатлашди.