Жиззахда янги лойиҳалар амалга оширилади
Жиззах вилоятида Хитойнинг “JDB Gtoup” компанияси билан сув ресурсларини қайта ишлаш ва фармацевтика соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилади. Мазкур келишувларга Зомин туман ҳокимлигида ўтган музокаралар давомида эришилди.

Вилоят иқтисодиётига хорижий сармояларни кенг жалб этиш, саноат тармоқларини ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Хитойнинг “JDB Group” компанияси делегацияси вилоятга ташриф буюриб, ҳудуднинг инвестициявий салоҳияти, мавжуд ресурслари ва ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлари билан танишди.

Учрашувда вилоят ҳокими ўринбосарлари Баҳром Юсупов ҳамда Бекзод Эгамов, Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев, Хитой Халқаро маданий-коммуникация маркази раиси Лонг Юйсян, Гонконгнинг “JDB Group” компанияси асосчиси Чан Хун То ҳамда компаниянинг инвестициялар ва яшил саноатни ривожлантириш бўйича масъул вакиллари иштирок этди.

Мазкур мулоқот тасодифий эмас. Жорий йилнинг 7-14 октябрь кунлари вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоевнинг Хитойга хизмат сафари чоғида делегация вакиллари билан дастлабки музокаралар ўтказилиб, улар Жиззахга таклиф этилган эди. Бу галги учрашув эса ўзаро келишувларни амалий ҳамкорликка айлантириш, аниқ лойиҳаларни белгилаш ва инвестициявий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.

Музокаралар давомида сув ресурсларини қайта ишлаш, ичимлик ва салқин ичимликлар ишлаб чиқариш, тоғ-кон саноати ҳамда геология соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Шунингдек, энергетика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, фармацевтика ва чарм саноати каби иқтисодиётнинг муҳим йўналишларидаги инвестициявий истиқболларга алоҳида эътибор қаратилди.

Эндиликда асосий вазифа – билдирилган таклифларни пухта ўрганиш, иқтисодий жиҳатдан мақбул ташаббусларни танлаб олиш ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаш. Зеро, ҳар бир самарали инвестиция янги ишлаб чиқариш қувватлари, қўшимча иш ўринлари ва ҳудуд иқтисодиёти учун барқарор ўсиш имкониятларини яратиши мумкин.

Хитойлик ҳамкорларнинг Жиззахга ташрифи вилоятнинг халқаро иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш, хорижий сармоядорлар билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва янги инвестициявий лойиҳаларга замин яратиш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири бўлди.
Абдужалол Қаюмов, Жамшид Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари