Йил якунигача Самарқандга 50 та электробус келтирилади
Бу ҳақда Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси масъуллари иштирокида вилоятда жамоат транспорти хизматлари сифатини ошириш, электрон тўлов тизимини ривожлантириш ва йўловчилар учун қулай шароит яратиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
– Айни пайтда Самарқанд вилоятида 125 та тадбиркорлик субъекти 3466 та транспорт воситаси орқали йўловчи ташиш хизматларини кўрсатмоқда, – деди бошқарма бўлим бошлиғи Бунёд Кушаков. – Шунингдек, 31 мингдан ортиқ фуқаро ўз транспорт воситасида ўзини ўзи банд қилган ҳолда йўналишсиз такси хизмати билан шуғулланмоқда. Йўловчи ташиш йўналишларида 598 та автобус, 144 та микроавтобус ва 2262 та лицензияланган “Дамас” русумли транспорт воситаси фаолият юритмоқда. Вилоятда 290 та йўловчи ташиш йўналиши мавжуд бўлиб, ҳозирда 166 та йўналишда йўловчиларга хизмат кўрсатилмоқда. Бугунги кунда йўналишлар фаолиятини такомиллаштириш, автобуслар ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш, тарихий ва туристик масканларга жамоат транспорти орқали етиб бориш имкониятларини кенгайтириш ҳамда аҳоли мурожаатларига тезкор муносабат билдириш устувор вазифалардан ҳисобланади.

Жамоат транспорти йўналишлари рақамли хариталарга жойлаштирилган бўлиб, йўловчилар ATTO мобил иловаси, 2GIS ва бошқа интернет хариталари орқали автобуслар ҳаракатини реал вақт режимида кузатишлари мумкин. Бунинг учун мобил қурилма орқали керакли йўналишни танлаш кифоя. Натижада йўловчилар ўз манзилига қайси автобус орқали етиб боришни олдиндан режалаштириш имкониятига эга бўлмоқда. Шунингдек, йўловчи ташиш жараёнларини масофадан назорат қилиш мақсадида транспорт воситаларига GPS қурилмаларини ўрнатиш ва уларни ягона назорат тизимига интеграция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бошқармада ташкил этилган вазиятлар маркази орқали йўналишларда хизмат кўрсатаётган транспорт воситалари ҳаракатини реал вақт режимида кузатиш имконияти яратилган.

Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти хизматлари сифатини ошириш, соҳада яширин иқтисодиётнинг олдини олиш ва ҳайдовчиларни йўл ҳақини йиғиш билан боғлиқ ортиқча вазифалардан озод этиш мақсадида электрон тўлов тизими жорий этилган. Жорий йил 1 майдан бошлаб Самарқанд шаҳридаги барча автобус, электробус ва трамвайларда йўл ҳақини фақат электрон шаклда тўлаш амалиёти йўлга қўйилди. Электрон тўловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида вилоятдаги 150 та бекат ва аҳоли гавжум бўлган бошқа нуқталарда 1000 дан ортиқ Paynet инфокиосклари ўрнатилган. Улар орқали транспортда фойдаланиш учун бир марталик QR-кодли чипталарни харид қилиш мумкин.
Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва туристик масканларни жамоат транспорти билан боғлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қатор автобус йўналишлари орқали шаҳарнинг машҳур сайёҳлик манзилларига яқин ҳудудларга етиб бориш мумкин. Масалан, Амир Темур яқинига 10 та йўналишдаги, Регистон майдонига 4 та, Шоҳи Зинда ёдгорлигига 5 та йўналишдаги автобус ва электробусларда бориш мумкин. Бу шаҳарда туризмни ривожлантириш, сайёҳлар учун қулайликлар яратишга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кредити асосида “Яшил шаҳар” лойиҳаси бўйича келтирилган юздан ортиқ электробус йўловчиларга сифатли жамоат хизмат кўрсатмоқда. Йил якунигача Хитойдан яна 50 та электробус келтирилиб, янги ва йўловчилар сони кўп йўналишларга жойлаштирилиши режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири