Жиззах вилоятининг халқаро кредит рейтинги маълум бўлди
Жиззах вилоятининг халқаро кредит рейтинги “BB –” даражасида, прогноз эса “Барқарор” деб белгиланди. Бу ҳақда куни кеча вилоят ҳокимлигида ўтказилган очиқ мулоқотда маълум қилинди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағаликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи Зафар Азимов, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Қайд этилишича, халқаро Fitch Ratings агентлиги томонидан ўтказилган баҳолашда ҳудуднинг иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари, молиявий ҳолати ва кредит қобилияти ўрганилган. Агентлик маълумотларида Жиззах вилоятида иқтисодий ўсиш суръатлари мамлакатнинг ўртача кўрсаткичидан юқори экани ҳам таъкидланган.

Матбуот анжуманида вилоятда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, уларни фойдаланишга топшириш муддатлари ва экспорт салоҳияти юзасидан ҳам маълумот берилди. Журналистлар ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири