Тошкентда "Глобал ва миллий иқтисодиёт трендлари" V халқаро форуми ўтказилди
Бугун Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 95 йиллиги муносабати билан "Глобал ва миллий иқтисодиёт трендлари: Ўзбекистон - 2030 стратегияси" мавзусида V халқаро форум ташкил этилди.
Форумда вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, молия институтлари вакиллари, шунингдек, Буюк Британия, АҚШ, Италия, Польша, Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан олимлар, экспертлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Форумнинг расмий очилиш маросимида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов, АҚШнинг Нью-Жерси технология институти профессори Мори Коэн ва бошқалар сўзга чиқиб, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, "Ўзбекистон - 2030" стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлади.
Мазкур халқаро форум миллий иқтисодиётни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар ва инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро академик ҳамжамият билан алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Унда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар "Ўзбекистон - 2030" стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, рақамли ва яшил иқтисодиётни ривожлантириш, ёшларнинг илмий салоҳиятини юксалтириш ҳамда мамлакатнинг барқарор иқтисодий тараққиёти учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
– Форум доирасида бешта конференция ўтказилмоқда. Уларда сунъий интеллект, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, миллий иқтисодиётни мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудий муаммоларга илмий ечим топиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Форумда 50 дан ортиқ мамлакатдан хорижий экспертлар, олимлар ва амалиётчилар иштирок этмоқда. Улар университетимиз профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари билан тажриба алмашиш, илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва янги лойиҳаларни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
Конференцияларда иқтисодий ислоҳотларни такомиллаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш каби долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинмоқда. Форумда билдирилган фикрлар ва амалий таклифлар келгусидаги тадқиқотлар ҳамда иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилашга хизмат қилади, – деди мазкур университет проректори Гулнора Абдураҳмонова.
[gallery-32257]
Анжуманда “яшил” иқтисодиёт, барқарор ривожланиш, рақамли трансформация ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
АҚШнинг Нью-Жерси технология институти профессори Мори Коэн қайд этганидек, форум халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
–Форум мамлакатлар ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, академик муҳокамаларни кенгайтириш ва Ўзбекистонни глобал илмий мулоқотларга муносиб ҳисса қўшаётган мамлакат сифатида танитиш учун ажойиб имконият яратади. Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслари эътиборга молик. Мамлакатда амалга оширилаётган ишлар ҳақида халқаро ҳамжамиятга маълумот етказиш ва унинг жаҳон миқёсидаги нуфузини оширишга ҳисса қўшишдан мамнунман, – деди Мори Коэн.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА