Жиззах тажрибаси сенаторлар эътиборида
Жиззах вилоятида ёшлар бандлигини таъминлаш, меҳнат миграциясини тартибга солиш ҳамда фуқароларни замонавий касб ва хорижий тилларга ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳининг диққат марказида бўлди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев ҳамда қўмита аъзоси Жамила Бобоназарова бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятда аҳоли, айниқса, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва хавфсиз меҳнат миграциясини йўлга қўйиш борасидаги ишлар билан танишди.
Дастлаб сенаторлар Миграция агентлигининг Жиззах ҳудудий филиали тасарруфидаги қурилиш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш марказида бўлди. Бу ерда хорижда меҳнат қилиш истагидаги фуқаролар ҳамда ишсиз аҳоли вакиллари махсус техника бошқаруви, электрпайвандчилик, электрмонтаж ва омбор-логистикаси каби йўналишларда касб сирларини эгаллашмоқда. Ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган тингловчилар хорижий иш берувчилар иштирокидаги танловлардан ўтиб, расмий меҳнат шартномалари асосида ишга йўналтирилмоқда.
Қайд этилганидек, марказ фаолияти йўлга қўйилганидан буён 1400 нафардан ортиқ фуқаро турли мутахассисликлар бўйича тайёрланган. Уларнинг 600 нафардан зиёди бугунги кунда хорижда доимий иш ўринларида меҳнат қилишмоқда.
[gallery-29925]
Ишчи гуруҳ Жиззах политехника институти қошидаги Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерда “BYD Uzbekistan Factory” ва “ADM Jizzakh” корхоналари билан ҳамкорликда дуал таълим тизими йўлга қўйилган бўлиб, талабалар назарий билимларни ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштирган ҳолда замонавий мутахассисликларни эгаллашмоқда. Айниқса, мини-конвейер асосида ташкил этилган амалий машғулотлар ёшларни меҳнат бозори талабларига мос кадрлар сифатида тайёрлашга хизмат қилмоқда.
Ташриф давомида Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида ҳам бўлинди. У ерда халқаро дастурлар асосида таълим олаётган ҳамшира-талабалар немис ва инглиз тилларини чуқур ўзлаштириш билан бирга, хорижий меҳнат бозори учун зарур касбий кўникмаларни ҳам эгаллашмоқда. Бугун 80 нафар талаба Германия ва Саудия Арабистонидаги нуфузли тиббиёт муассасалари талабларига мос равишда тайёрланмоқда.
Ташриф якунида вилоят ҳокимлигида Сенат қўмитаси ва халқ депутатлари вилояти Кенгашининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда меҳнат миграциясини тартибга солиш, янги иш ўринлари яратиш, ёшларни касб ва хорижий тилларга ўқитиш кўламини кенгайтириш ҳамда халқаро меҳнат бозорларига чиқиш имкониятларини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йилда вилоятдан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган 521 нафар фуқаро касб-ҳунар ва хорижий тиллар бўйича махсус ўқув курсларига жалб этилган.
Муҳокамалар якунида мутасадди идораларга аҳолини талаб юқори бўлган касбларга тайёрлаш, меҳнат бозорларини диверсификация қилиш, мигрантларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.
Бугун Жиззахда шаклланаётган мазкур тажриба бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқламоқда: ёшларга касб ва тил ўргатиш — уларни иш билан таъминлашнинг энг ишончли йўлидир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари