Жиноятчиликка қарши самарали кураш давом этмоқда
Тошкент вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва криминоген вазиятни барқарор сақлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари ҳам бу борада ижобий тенденция кузатилаётганини кўрсатмоқда.
Вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдураззоқовнинг аҳолига йўллаган мурожаатида қайд этилишича, ўтган олти ой давомида вилоятда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,2 фоизга камайган. Бу натижа профилактика ишларининг кучайтирилгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг такомиллаштирилгани, энг муҳими, жиноятчиликка қарши курашда маҳалла институти ва жамоатчилик билан ҳамкорликнинг мустаҳкамлангани билан боғлиқдир.

Таҳлилларга кўра, ҳисобот даврида жиноят турлари бўйича ҳам ижобий кўрсаткичлар қайд этилди. Жумладан, оғир тан жароҳати етказиш ҳолатлари 17 фоизга, ўғирлик 8 фоизга, фирибгарлик 15 фоизга, босқинчилик 44 фоизга, талончилик ва безорилик 12 фоизга, енгил тан жароҳати етказиш ҳолатлари эса 24 фоизга қисқарди. Бу рақамлар профилактика ишлари тизимли ташкил этилаётганини кўрсатса-да, айрим йўналишларда жиддий эътибор талаб этиляпти. Хусусан, рақамли технологиялар ривожланаётган бугунги кунда кибержиноятлар энг долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Олти ой давомида ахборот технологиялари соҳасида 3 минг 612 та жиноят қайд этилган. Бу эса жиноятларнинг салмоқли қисми интернет ва электрон тўлов тизимлари орқали содир этилаётганини англатади.
Мутахассислар фикрича, кибержиноятларнинг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда аҳолининг рақамли саводхонлиги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Банк картаси маълумотларини бегона шахсларга бермаслик, шубҳали ҳаволаларга кирмаслик, номаълум манбалардан келган хабарларга ишонмаслик каби оддий қоидаларга амал қилиш орқали кўплаб жиноятларнинг олдини олиш мумкин.
Ҳудудларда хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар маҳаллалар мисолида ҳам ўз аксини топмоқда. Бугунги кунда Тошкент вилоятидаги 883 та маҳалланинг 471 тасида, яъни 53,3 фоизида ҳисобот даври мобайнида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. Бу эса маҳаллаларда профилактика ишларининг самарали ташкил этилаётганини кўрсатади.
Шунингдек, ноаниқ шароитда содир этилган жиноятларнинг 46,4 фоизи фош этилди, қидирувда бўлган 480 нафар шахс ушланиб, қонун устуворлиги таъминланди.
Аслида жамоат хавфсизлиги биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасидаги вазифа эмас. Бу — давлат идоралари, маҳалла, таълим муассасалари, оила ва бутун жамоатчиликнинг ҳамкорлигига таянадиган умумий масъулиятдир. Тошкент вилоятида қайд этилаётган мазкур натижалар ана шу ҳамжиҳатликнинг амалий самарасидир.
А.Мусаев,ЎзА.