Жавлон Умарбеков: “Энг яхши асарим ҳали чизилмаган”
Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий Академиясининг академиги, профессор Жавлон Умарбеков билан ижодий суҳбат.
Жавлон Умарбеков ижоди мавзуларининг кенглиги билан ҳам ажралиб туради. У портрет, манзара, натюрморт, тарихий ва рамзий-композицион асарлар яратади. Унинг “Болалик”, “Қўшиқ”, “Менинг дўстим”, “Тафаккурли инсон”, “Мен инсонман”, “Ҳовуз бўйида”, “Келинчак”, “Соҳибқирон Амир Темур”, “Етти иқлим султони”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” каби асарлари ижодининг турли қирраларини намоён этади.
Биламизки, санъат-эстетика, тарбия, маънавият, адабиёт, табиат, мусиқа, маданият, умуман, барча фанлар билан боғлиқ? Сизнингча, санъат ўзи нима?
– Рассомлар, шоирлар, ёзувчилар, композиторлар буларнинг ҳаммаси бир-бирига яқин бўлади. Фото санъати, кино санъати ва дизайн санъати булар ҳам санъат. 1910-1930 йилларда санъатда қанақа жараён кечган бўлса, авангардми, абстракциями, модернизмми, имперцианизмми ҳаммаси кинога таъсирини кўрсатган. Буларни тарихдан билиш мумкин. Санъатларнинг ҳаммаси бир-бирига таъсир кўрсатади. Рангтасвирда бўлаётган жараёнларни адабиётда, масалан романчиликда кузатиш мумкин. Мен Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Саид Аҳмад, Ўлмас Умарбеков, Ўткир Ҳошимовларнинг асарларини кўп мутоола қилганман. Ўқишни яхши кўраман. Кинода, мусиқада ва рангтасвирда неореализм ёки реализм яққол кўринади. Айниқса, 1930 йиллардаги киноларни кўрсак, ўша жараён таъсири сезилади. Катта-катта режиссиёрлар реализм ёки неореализм йўналишида ишлаган. Айниқса Европада бу йўналиш кенг оммалашган. Жаз ҳам, рок ҳам санъат. Санъат ҳар соҳага таъсир қилиши мумкин. Сиёсатда, иқтисодиётда ҳатто давлатлар ўртасидаги мулоқотда ҳам унинг таъсири сезилади. Франция имперцианизм деса, кино билан мусиқа деса Италия кўз олдимизга келади ёки ундан олдин бўлган уйғониш даврдаги асарлар эсга тушади. Ҳаммаси бир-бирига ёрдам беради, таъсир қилади. Борокко, Рокакко, модерн, декаденс деган йўналишлар, авангард деган тушунчалар бор. Авангарднинг шохлари жуда кўп. Бир сўз билан айтсак, мен учун санъат – бу тарих, бу келажак, бу бугунги ҳаёт. Бугун атрофда, одамлар руҳониятида бўлаётган ўзгаришларнинг мўйқалам соҳиблари томонидан қилинган ранглар воситасидаги талқинлардир.
1977 йилда “Катта сув” номли йирик асар яратгансиз унда Фарғона канали қурилиши акс этган. Ўша асарнинг пайдо бўлиши ҳақида гапириб берсангиз?

Фарғона каналининг қазиш 1940 йилларда бошланган. Фарғона Канал қурилишида бутун халқ жонбозлик кўрсатган, чунки сув ҳаёт, сувсиз экин-текин йўқ, нон ҳам йўқ. Дарахт ҳам кўкармайди. Шоли ҳам пишмайди. Ўша учун халқнинг қўлида нима бўлса кетмонми, аравами, белкуракми кўтариб Фарғонага борган. Қазишда ўша давр техникалари ҳам иштирок этган. Экскаватор ҳам бўлган. Қурилиш 45 кунда тугалланган. Мен ёш эдим. Қурилиш раҳбари менга буюртма берган. Мен буюртмани ишлаш учун архивлардан фойдаландим. Фарғона каналини ким қурган, қандай қурилган. Архивдан минглаб расмлар бор экан. Ўшаларни кўргандан кейин “Катта сув” асаримни яратиш фикри туғилди. Бу асар бугун музей фондида сақланади.
Асарларингизда кўпроқ тарихий шахсларнинг, портретларини ишлангансиз, бунга нима туртки бўлган? 1980 йилларда яратган “Тафаккурли инсон” номли асарингиз жудаям машҳур. Ўша асар ҳақида гапириб беринг?
–Тарихдан аёнки, Ўрта Осиёда ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ, туркман, араб ҳамда яҳудийлар қон-қариндош бўлиб яшашган. Улар ўз урф-одатларини ҳалигача авайлаб асраб келишади. Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқонда ҳамда Тошкентнинг эски кўчалари, қишлоқлари, қадимий бинолари ҳозир рўйхатида туради, давлат муҳофазасида. Ўрта Осиёдан Буюк ипак йўлининг карвони ўтган. Ғарбдан-шарққа, шарқдан- ғарбга жуда кўп буюк инсонлар юртимизга келиб кетган. Кимлардир бостириб ўтган, кимлардир кўчманчи бўлиб ўтган. Шуларнинг ҳаммаси ўзининг бир қисм маданиятини шу ерда қолдириб кетган. Қумлар остида кўмилиб ётибди. Биз жуда узоқ тарихга эгамиз. Ер остида қолиб кетганларни топиш, тиклаш керак. Бухорода, Самарқандда жуда катта цивилизация бўлган. Қадим дунёлардан қолган цивилизацияни, ўзлигимизни англаш биринчидан ўзимизга керак. “Тафаккурли инсон” асарида ана шу жараёнларни тасвирлаш мақсад қилишган. Биласиз, тафаккур сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, инсон ақлий фаолиятининг юксак шакли, объектив воқеликнинг онгда акс этиш жараёни, дейилади. Бу асар 1980 йилда ишланган. Улуғ бобомиз, қомусий олим, табиб, астроном, математик ва файласуф Ибн Синонинг 1200 йиллик юблейи муносабати билан ишлаганман. Ўша пайтда Ибн Синонинг тасвири ҳар хил эди. Мен XIII-XIV асрда яшаган алломаларнинг қиёфаларини бирлаштириб Ибн Сино портретни чиздим. Асарда Камолиддин Беҳзод, Умар Ҳайём, Константин Циолковский, Микеланджело, Альберт Эйнштейн каби алломалар ҳам бор. Ҳар хил даврда машҳур бўлган, ҳар хил даврда яшаган машҳур одамлар, шуларнинг орасида космос ҳам бор, ой ландшафти ҳам бор, учиб юрган космонавт ҳам бор. Ҳаммаси думалоқ сфераси билан бирлаштирилган. Сферани ҳар чеккасида ҳар хил фанларнинг эмблемаси тасвирланган. Камолиддин Беҳзоддан миниатюра қолган, космонавтдан ракета қолган.
Италия шоири Данте Алигьердан улуғ асарлар қолди. Асарнинг ўртада қум соат- бу ҳамма нарса ўткинчи, дегани. Уларнинг буюк инсон экани дунёга маълум. Шуларга урғу бердим. Ўртадаги аёл сиймосини Сандро Батичеллининг асаридан олинган. Орқада қора фигура турибди, бу бўхтон тимсоли. Қуёш бор жойда соя ҳам бор. Шу маънода ишланган. Шу тарзда яратилган.
Кўпчилик, сунъий интелект ривожланса, рассомларга иш қолмайди, дейди. Сизнинг фикрингиз қандай?
Суньий интелект бирдан кириб келди. Ҳаётимизга тез қўшилиб кетди. Мени инсон сифатида азгина хавфим бор. Чунки суньий интелект ақилли бўлиб кетиши ва қўпол қилиб айтганда, одамни бир кун келиб бўғиб ўлдириши мумкин. Суний интелект бу – техника, техника эса бузилиб қолиши ҳам мумкинда. Лекин тараққиётни тўхтатиб бўлмайди. Қаршилик кўрсатган бўлсангиз хам тараққиёт кириб келаверади. Биз болалигимизда телевизор нима эканини билмасдик. Яқин келажакда эса телевизор бир қоғоз бўлармиш. Чўнтакка соласиз, олиб кетаверасиз. Телефонни айтмайман. Телефон - мўъжиза. Сунъий интелект эса ҳамма нарсага қодир. Фақат унда ўт йўқ. Ҳис туйғу йўқ. Одамнинг қўли билан чизилган асар у тамоман бошқа санъат. Менинг фикрим шу.
Жуда хоҳлаган, аммо охирига еткиза олмаган ишингиз борми?
Рассомнинг ҳаёллари, орзу умидлари кўп бўлади. Менга энг яхши кўрган картинангиз қайси бири деб, савол беришади. Энг яхши картинам ҳали келажакда чизилмагани дейман. Рост энг яхши асарим ҳали чизилмаган. Ҳар бир асарга юрагимни бериб ишлайман. Келажакда чизадиган картинамни ҳали ўзим билмайман. Аммо, ўша асар менинг энг яхши асарим бўлади.
“Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий ёшлиги” номли асарингиз ҳақида гапириб берсангиз?

Алишер Навоий билан Ҳусайн Байқаро картинасини яратишдан олдин бир ғалати воқеа бўлган. Устозимиз Чингиз Аҳмаровнинг олдига кўп рассомлар бориб юрарди. Мен ҳам борганман. Биз Баҳодир билан Москвада ўқирдик. Ўшанда таътилга келдик. Устозни олдига бордик. “Сизлар кўча чангитиб юрманглар, ўтириб расм чизинглар”, дедилар. Устоз нимани чизайлик, дедик. Масалан, сен Ҳусайн Байқаро билан Алишер Навоийи расмини чиз, дедилар. Улар қанақа бўлган, дедим. Ҳусайн Байқаронинг кўзи кўк, сенга ўхшаган бўлган. Алишер Навоий ўртоғинг Баҳодирга ўхшаган. Уларнинг болалигини чизгин, дедилар. Мен 80х80 размерда холстни олиб, асарни чизганман. Бир ой деганда устозга олиб борсам, яхши, дедилар. Баҳодир ҳам чизди. Сизлар ташлаб кетинглар, мен бир ўйлаб кўраман, дедилар. Бир куни Москвага телеграмма келди. “Жавлон, санъат асарингни, Санъат музейига сотиб олди. Табриклайман”. Ана шундан кейин янада расм чизишга қизиқиш бошланди. Талабаликда биз картина ишлашни бошлаганмиз. Ҳар ёзги таътилда келиб, расм чизардик. Ўша даврда “Менинг дўстим”, “Ўтмиш”, “Болалик” каби асарларим пайдо бўлган.
Бугун мактабда ўқивчилар замондош рассомларни яхши билмайди 8-синфдан кейин расм дарси ўрнига, чизмачилик фани ўқитилади, натижада ёшлар рассомлар ҳаётидан, санъатдан тўлиқ баҳра ололмайди. Шунга фикрингиз қандай?
– Бу оғриқли савол мени ҳам кўп ўйлантиради. Ёшларимиз санъат тарихини, рассомлар хаётини билиши керак. Уларга санъатшунослар дарс бериши керак. Изо фани ҳеч нарса бермайди. Талантсиз бола йўқ. Бирортаси дизайн бўлар, рассом бўлар, шундан бошланади. Бизни мактабларимизда шундай фанлар йўқ. Масалан, натюрморт ишлашнинг преспективаси бор, ўша ҳам ўргатмайди. Расм ўқитувчиси буни билмайди. Ҳатто тузук расм чизадиган ўқитувчи йўқ.
Нега академик рассомлар мактабда кўргазма қилмайди.
– Мен Бенковга бориб, дарс ўтиб келдим. Қорақалпоғистон Республикасидаги, бошқа вилоятлардаги ижодий мактабларда катологлар тарқатдим. Лекин бизни учрашувларга таклиф қилишмайди. Мен учрашув қилиб берайин десам, уларнинг вақти бўлмайди. Менда хоҳиш бор. Ёшларни тасвирий санъатга қизиқтириш керак. Ўқувчилар рассомларни танимайди. Хатто талабалар ҳам танимайди. Ўқувчиларга санъат тарихидан дарс ўтиш керак. Ўқув йилининг бошида “1-сентябр Мустақиллик куни”га бағишлаб дарс бўлди. Шунда мен санъатшуносликдан дарс ўтдим. 2-курс талабаларга мен савол бердим. “Қайси рассомларни танийсизлар?” Жим-жит. “Европа рассомларидан-чи?” Жим-жит. Ҳеч кимни танимайди. Кейин битта ёш йигит қўлини кўтарди. Домла, биз сизни таниймиз, дейди. Дарс берсам танийди-да. У ёғини айтсам, ҳозирги талабалар китоб ўқимайди, ўз устида ишламайди. Мана шу телефон оқибати. Интернетдан уёғига ўтишмайди. Музейга иккинчи даражали. Кўргазмаларнинг очилишига бормайди. Ачинарли ҳол – бу.
Песталоццининг шогирди Пётр Шмит ўша даврда мавжуд бўлган “Расм механик машқдан иборат” – деган назарияга зарба берди. Ушбу иборага сиз қандай таъриф берган бўлардингиз?
Расм чизиш механика эмас, расм тажриба. Нима учун уйга вазифа беришади. Пианино чаладиган ҳам, Концерваторияда ўқитадиган ўқитувчи ҳам айтадики, дарсдан ташқари пианино чалиш керак деб, яъни ижод машқдан иборат. Рассомчилик ҳам қўлда ишлаган ҳам фикрлашни ўргатади. Уйда машқ қилмаса, ўзини устида ишламаса, табиатга чиқиб этюдлар ишламаса, кандай рассом бўлади. Тўрт йил институтда ўқиган билан рассом бўлиб қолмайди. Рассом бўлмоқ учун бўлса, ўз устидан кўп ишлаши керак. Жиддий ишлаши керак. Рассом ва санъаткорнинг нони жуда қаттиқ. Осон иш эмас.
Илмий педагогикада “Расм ўқувчи тафаккури ва тасаввурини ўстирувчи асосий омил яъни ақл гимнастикасидир” – деган илмий педагогик хулоса мавжуд. Сизнингча, расм нима?
–Репин, Беньков, Суриков ва бошқалар нима учун машҳур? Батичелли-чи? Машҳур рассомлар кўп. 100 талаб рассомлар бўлган. Нега бошқалар тарихда қолмаган. Нега Леонардо до Винчи бир асари билан тарихда қолган. Шуларни ўрганиш керак. Ўқиш керак, видео фильмлар бор. Ўқувчи ўрганиши, китоб варақлаши керак. Талабанинг ўзи ўрганиши лозим. Ўқитувчи йўл кўрсатади, холос.
Бугунги кунда ёшларимиз ҳаётида оммавий маданиятнинг таъсири яққол сезилиб қолди. Буёғи нима бўлади. Сизнингча нима қилиш керак?
– Биласизми, “Бўладиган бола болалигидан маълум” деган мақол бор. Ўқитувчи болаларга албатта, йўналиш бериб туриш керак. Оммавий маданият зиёндан бошқа нарса эмас. Телевизорни қаранг, илгари тарбиявий йўналишдаги кўрсатувлар кўп эди. Ҳозир телевизор ҳам тарбияни бузяпти. Кўрсатаётган фильмларини, рекламасини қаранг. Кўплаб рекламаларда оммавий маданият тарғиб қилинаётгандек гўё. Дарвинни сўзи билан айтганда “Одам маймундан пайдо бўлган”, деган гап рост бўляпти. Инсон борган сари маймунга ўхшаб боряпти. Телефондан қочиш керак. Оммавий маданият йўлини тўсиш зарур.
Умумтаълим мактабларига доир илмий-амалий ва ижодий қўлланмалар сизни қониқтирадими?
– Қониқтиради, десам ёлғон айтган бўламан. Қониқтирмайди, десам умуман қўлланмалар, дарсликлар бор. Аммо саёз, юзаки муаллимларнинг илми керак. Бундан ташқари санъат, маданият, ахлоқ ҳақидаги дарсларни кўпайтириш керак. Бошқа юртларда дин фан сифатида тил ўргатилади. Бизда йўқ. Сал соқоли чиққан бола мачитга бориб, намоз ўқийди. Мен намоз ўқишга қарши эмасман. Лекин тушиниб ўқиши керак. Тушунмасдан ўша домлани гапига қулоқ солиб, мен бориб гуноҳимни ювиб келяпман, деб ўйлайди. Пайғамбаримизнинг ҳаётларини билмайди. Қаёқдан ислом дини пайдо бўлиб қолган. Қандай қувғинлар бўлган, буни билишмайди. Россия мактабларида Урок религия дарси бор. 1-синфдан ўргатилади. Катта-катта китоблар чиққан. Исо пайғамбар ҳаёти ёш болалар учун расмлар билан тўлдирилган. Бир куни мен Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан ёнма-ён тасодифан самалётда ўтириб қолдим. Мен ўтиришим билан “Ассалому алайкум! –дедим. Улар журнал кўриб ўтирган эканлар. – Валайкум, Ассалому алайкум! Жавлонбек дедилар ҳазрат. Мани танирканлар, гаплашиб кетдик. Шунда мен савол бердим. Тақсир, нега бизнинг Қуръони карим китоби расмсиз чиқарилади. Балки, динда расм ишлаш тақиқлангандир. Лекин бошқа юртларда оммавий бўлиши учун дин китобларида расмлар чизилган. Нега бизда мумкин эмас. Агар мумкин бўлганда рассом сифатида ўзим расм чизиб берардим. Саволингиз жуда ўринли, дедилар. Лекин бизда ватфо йўқ. Рухсат йўқ. Бизнинг Мазҳабимизда ватфо берилмаган. Диний китобларда илюстрация қилиш учун рухсат йўқ дедилар Муфтий ҳазратлари. Умуман, бундай ўйлаб кўриш зарур бўлган масалалар бизда бор, мактабларда тасвирий санъатга бўлган эътиборни бошқатдан кўриб чиқиш керак, манимча.
Республикамизнинг умумтаълим мактабларида шахсий кўргазмангиз очилганми?
Мактабларда кўргазма ўтказиш учун аввало шароит бўлиши керак. Малбертларда обориб кўрсатсангиз ким кафолат беради. Кимдир тепиб кетмаслигига? Ўша учун мактабларда кўргазманинг иложи йўқ. Фақат видео ва катологлар оборса бўлади. Мен мактаблардаги учрашувларга ижодим ҳақидаги фильмларни олиб бердим. Ўрта умумтаълим мактабларда расмга қизиқадиганлар 100 тадан битта чиқиши мумкин. Ихтисослашган мактабда кўпроқдир.
Қандай китоблар ўқийсиз?
– Мен жудаям китобхонман. Устахонам кутубхонага ўхшайди. Тарихий асарларни яхши кўраман. Ёзувчи шоирлардан дўстларим кўп. Саид Аҳмад, Ўлмас Умарбеков билан яқиндан яхши таниш бўлганман.
Таниқли рассом сифатида мактаб ўқувчиларига қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
– Мен 5 ёшимдан расм чизишга қизиққанман. Отам косиб бўлганлар. Ҳаммага этик тикиб берганлар. Санъатга таълуқли жойи бўлмаган. Ёшлигимдан кўп расм чизаверардим. География фанни яхши кўрардим. Сабаби, китобда расмлар кўп эди. Бир куни устозим Неагара шаршарасини кўрсатди. Кичкина расм эди. Мен уйга келиб, катта альбомда чизиб, мактабга олиб борганман. Ўқитувчим, мана Неагара шаршараси шунақа бўлган деб, ҳаммага кўрсатган. Расм чизадиган болаларга ота-онаси йўлланма бериши керак. Масалан, олма, анорни столга қўйиб, қани, чизиб кўр-чи дейиш керак. Таниш рассомни чақириб чизганларини кўрсатиш керак. Болалар ранг танлашни билмайди. Ана шуларни бошланғич мактабда дарс берадиган устоз ўргатиши керак. Кўпчилик ўқитувчилар буни қилмайди. Дарс ўтилди, тамом. Кейинги дарсгача, хайр...
Сўнгги саволим анъанавий: келажакдаги режа ва орзуларингиз?
Шу пайтгача қанча расм чизган бўлсам хаммаси ўз юртим, ўз халқим, Ўзбекистоним ҳақида чизганман. Алишер Навоий, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Бобур Мирзо ва Амир Темур боболаримизнинг сиймоларини чизганман. Манзара жанрда ишлаган асарларим ҳам кўп. Кўпроқ эски шаҳарни чизганман. “Жазоир” картинаси саёҳат натижаси эди. Жазоирнинг тарихи юрагимда қолган. Улар қумликда, саҳрои кабирда яшашади. Кўзлари ёпиқ. Эракаклар эса туя балиқ, қўй боққан. Шунинг учун юзини ёпиб юради.
Қизиқарли ва мазмунли суҳбат учун ташакккур!
Мунира РАМАЗОНОВА суҳбатлашди.