Маҳалла институти: янги мақом, кенг имкониятлар ва юксак масъулият
Маҳалла — халқимизнинг ҳаёт тарзи, миллий қадриятлари ва асрий анъаналарида чуқур илдиз отган, инсонларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштириб келаётган ноёб ижтимоий институт. Унда одамларнинг кундалик ташвиш ва эҳтиёжлари, орзу-интилишлари, ташаббуслари, жамиятда кечаётган ўзгаришларга муносабати ўз ифодасини топади. Маҳалла ҳаётидаги ўзгаришлар ҳам, аввало, одамларнинг турмушида, уларни қийнаётган масалаларнинг ҳал этилишида намоён бўлади.
Маҳалла одамлар ҳаётига энг яқин бўлгани учун ҳам давлат сиёсати натижаси, аввало, шу ерда сезилади. Йўл, ичимлик суви, иш ўрни, ижтимоий ҳимоя, таълим ёки хавфсизлик билан боғлиқ ҳар қандай масала инсоннинг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилади. Уларни ҳал этиш эса кўп жиҳатдан маҳалланинг ташаббускорлиги, аҳоли билан ишлаш салоҳияти ва масъул идоралар билан ҳамкорлигига боғлиқ.
Шу боисдан ҳам маҳаллани ривожлантириш унинг фаолиятини такомиллаштириш билангина чекланмайди. Бу, аввало, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, фуқаролар ташаббусларига кенг йўл очиш ҳамда давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни англатади.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда маҳалла институтини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнини кучайтириш ва аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилмоқда.
Хусусан, маҳалланинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, ваколат ва ресурсларини кенгайтириш, фаолиятини бевосита аҳоли эҳтиёжлари билан боғлаш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.
Маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимидаги мустақил мақоми мамлакатимизнинг Бош қомусида ҳам ўз ифодасини топди. Ўзбекистон Конституциясининг 127-моддасига кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни қонунчиликда белгиланган доирада мустақил ҳал этади. Шу билан бирга, давлат зиммасига уларнинг фаолияти учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва қонуний ваколатларини амалга оширишда кўмаклашиш вазифаси юклатилган.
Мазкур конституциявий қоида маҳалланинг фақат ҳуқуқий мақомини белгилабгина қолмай, унинг самарали фаолият юритиши учун давлат томонидан зарур шароитлар яратилишини ҳам кафолатлайди. Бунда маҳалланинг ўз ҳудудига дахлдор масалаларни аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб мустақил ҳал этиши, давлат органларининг вазифаси эса бу жараён учун зарур ҳуқуқий, ташкилий ва молиявий имкониятларни таъминлашдан иборатдир.
Конституцияда белгиланган ушбу тамойиллар давлат бошқарувида «қуйидан юқорига» ёндашувини кучайтиришга замин яратди. Бунинг моҳияти шундаки, аҳоли ҳаётига дахлдор муаммолар, аввало, хонадон ва маҳалла даражасида аниқланади, уларнинг ечими эса тегишли туман, вилоят ва республика идоралари билан ҳамкорликда ташкил этилади.
«Маҳаллабай» ишлаш тизими ҳам айнан шу асосда шаклланиб, муаммоларни жойида ўрганиш ва ҳал этишни давлат бошқарувининг қуйи бўғинидан бошлашни назарда тутади. Бунда фақат аҳоли мурожаатларига жавоб бериш эмас, балки улар ортида турган муаммолар сабабларини аниқлаш, бартараф этиш ва келгусида такрорланишининг олдини олишга ҳам эътибор қаратилади.
Бу ёндашувлар эса маҳалланинг вазифалари доираси ҳам кенгайиб бораётганини англатади. У энди фақат аҳоли муаммолари ҳақида юқори ташкилотларга ахборот етказувчи бўғин эмас, балки ҳудуд эҳтиёжларини аниқлайдиган, устувор вазифаларни белгилайдиган, ташаббусларни илгари сурадиган ва уларнинг амалга оширилишида иштирок этадиган тузилма сифатида шаклланмоқда.
Бу жараёнда «маҳалла еттилиги» тизимининг жорий этилиши муҳим ўрин тутди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторининг бир ҳудудда ҳамкорликда ишлаши аҳоли ҳаётидаги ўзаро боғлиқ масалаларни биргаликда ҳал этиш имконини кенгайтирди. Бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимоя, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби йўналишлардаги ишлар маҳалла даражасида мувофиқлаштирилмоқда.
«Еттилик» тизимининг асосий афзаллиги — аҳоли муаммоларига турли идоралар манфаатидан эмас, балки инсон ва унинг оиласи эҳтиёжларидан келиб чиқиб, комплекс ёндашиш имконияти яратилганидир. Бу шунчаки етти нафар мутахассиснинг бир жойда ишлаши эмас, аҳолининг ижтимоий, иқтисодий ва маиший муаммоларини бир ҳудуднинг ўзида, ягона мувофиқлаштирилган механизм орқали ҳал этишга қаратилган бошқарув модели, демакдир. Бунинг учун «еттилик» аъзоларининг вазифалари ва ўзаро ҳамкорлик тартиби белгиланди, фаолияти натижадорлигини баҳолаш мезонлари такомиллаштирилди. Шунингдек, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва самарали фаолиятни қўшимча рағбатлантириш механизмлари йўлга қўйилди. Энг муҳими, мазкур тизим маҳалла даражасида турли соҳалардаги имконият ва ресурсларни ягона мақсад — аҳоли муаммоларини ҳал этишга сафарбар қилишнинг ташкилий асосини яратди.
Маҳаллий бошқарув соҳасидаги халқаро ёндашувлар билан қиёслаганда, «маҳалла еттилиги» тизими бир қатор жиҳатлари билан алоҳида ажралиб туради. Жаҳон амалиётида маҳаллий даражада аҳоли муаммоларини ҳал этиш учун турли соҳалар вакилларини жалб қилиш, ҳудудий бошқарувни мувофиқлаштириш ва давлат хизматларини фуқароларга яқинлаштириш механизмлари мавжуд. Бироқ Ўзбекистондаги каби ижтимоий ҳимоя, бандлик, тадбиркорлик, ёшлар ва хотин-қизлар масалалари, жамоат хавфсизлиги ҳамда солиқ йўналишлари вакилларини ягона маҳалла даражасида бирлаштирган, уларнинг фаолиятини ўзаро мувофиқлаштиришга асосланган тизим ўзига хос институционал ечим ҳисобланади.
Ушбу моделнинг муҳим жиҳати шундаки, турли идора ва ташкилотларнинг алоҳида-алоҳида фаолият юритиши ўрнига, уларнинг имкониятлари муайян ҳудуд ва унда истиқомат қилувчи аҳоли эҳтиёжларига йўналтирилмоқда. Натижада инсоннинг бандлиги, оиласининг ижтимоий аҳволи, фарзандларининг таълими, тадбиркорлик имкониятлари ёки хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларни бир-биридан узилган ҳолда эмас, балки ўзаро боғлиқ муаммолар сифатида кўриб чиқиш имконияти пайдо бўлмоқда. Бу эса маҳаллий бошқарувда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш, муаммоларни эрта аниқлаш ва уларга комплекс ечим топишнинг янги механизмини шакллантиради.
«Маҳалла еттилиги»нинг яна бир муҳим устунлиги — унинг фаолияти бевосита ҳудуд аҳолиси билан доимий мулоқот, хонадонбай ўрганиш ва аниқ эҳтиёжларга асосланган ишлаш тамойилига таянишидир. Бунда маҳалла раиси умумий фаолиятни мувофиқлаштирувчи, еттилик аъзолари эса ўз соҳалари бўйича муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга масъул бўлган ягона жамоа сифатида ишлайди. Шу тариқа маҳаллий бошқарувнинг самарадорлиги фақат маъмурий топшириқларни бажариш билан эмас, балки аҳоли ҳаётидаги реал ўзгаришлар, ҳал этилган муаммолар ва яратилган имкониятлар билан баҳоланиши учун замин яратилмоқда.
Мазкур ёндашувнинг амалий натижалари ҳам унинг ҳаётийлигини кўрсатмоқда. Расмий маълумотларга кўра, «маҳалла еттилиги» тизими жорий қилиниб, кредит, субсидия, компенсация ва моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан ортиқ хизматлар маҳалла даражасига туширилгани натижасида 7,5 миллион нафар фуқаро камбағалликдан чиқарилган, ишсизлик даражаси икки баробар қисқарган. Шунингдек, 3,5 мингдан ортиқ маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келган.
Албатта, бу натижалар кенг кўламли давлат ислоҳотлари ва қўллаб-қувватлаш чоралари билан боғлиқ бўлиб, уларда маҳалла даражасидаги ҳамкорлик механизмининг ҳам муҳим ўрни бор. Энг муҳими, мазкур тизим маҳаллий бошқарувни аҳолига яқинлаштириш, давлат ресурсларини аниқ эҳтиёжларга йўналтириш ва ҳудудий муаммоларни жойида ҳал этиш борасида Ўзбекистоннинг ўзига хос тажрибасини шакллантирмоқда.
Эътибор қаратиш керак бўлган яна бир муҳим жиҳат борки, маҳалла зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун ташкилий имкониятлар билан бирга молиявий ресурслар ҳам зарурдир. Шу мақсадда ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, маҳаллий муаммоларни ҳал этиш ва аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган молиялаштириш механизмлари кенгайтирилмоқда. Маҳалла бюджетларига қўшимча тушумларни йўналтириш, маҳаллий даромад манбаларини шакллантириш ва маблағларни ҳудуддаги устувор эҳтиёжларга сарфлаш имкониятлари оширилмоқда.
Бу борада «Ташаббусли бюджет» жараёни ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. У орқали фуқаролар ўз маҳалласидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш, уларни муҳокама қилиш ва овоз бериш орқали маблағ йўналтириладиган устувор вазифаларни белгилашда иштирок этмоқда. Шу тариқа маҳаллий ривожланиш масалаларини ҳал этишда аҳолининг бевосита иштироки кенгайиб, фуқаролар ўз ҳудудидаги ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашиш имконига эга бўлмоқда.
Маҳалла фаолиятининг самарадорлиги кўп жиҳатдан унинг ташкилий, услубий ва ахборот жиҳатидан қай даражада қўллаб-қувватланганига ҳам боғлиқ. Шу мақсадда соҳадаги институционал имкониятларни кенгайтиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг фуқаролар йиғинлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳаллалар ривожига кўмаклашиш борасидаги ишларида самарадорликни ошириш, ҳар бир масалага илмий ёндашувни йўлга қўйиш мақсадида Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилди. У маҳалла соҳасидаги жараёнларни чуқур ўрганиш, мавжуд муаммолар ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва самарали иш усулларини оммалаштиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, «Рақамли маҳалла» платформаси ҳудудлардаги муаммолар, уларнинг ҳал этилиш жараёни ва масъул ташкилотлар фаолиятига оид маълумотларни ягона тизимда жамлаш, таҳлил қилиш ҳамда жараёнлар устидан мониторинг олиб бориш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Эътироф этиш керак, 2026 йилда маҳалла институтини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Айниқса, жорий йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиниши ушбу йўналишнинг давлат сиёсатидаги устувор аҳамиятини яна бир бор намоён этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июнь куни қабул қилинган «Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-116-сон Фармони эса маҳалла институтини ривожлантиришнинг кейинги босқичи учун муҳим ҳуқуқий ва ташкилий асос бўлди.
Мазкур фармон маҳалланинг жамиятдаги ролини ошириш, «маҳалла еттилиги» фаолиятини самарали ташкил этиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳалла бошқарувини рақамлаштиришга қаратилган вазифаларни қамраб олган. Унда «маҳалла еттилиги» аъзоларининг вазифалари аниқлаштирилиб, маҳаллий муаммоларни таҳлил қилиш, масъул идоралар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ҳудудий дастурлар ижросида иштирок этиш механизмлари белгиланди.
Фармонда маҳаллалар фаолиятини рағбатлантириш учун республика бюджетидан ҳар йили 200 миллиард сўм ажратиш ҳам назарда тутилган. Маблағлар маҳалла хизмат биноларини қуриш ва жиҳозлаш, ходимларни ўқитиш, ижтимоий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш, соғлом муҳитни шакллантириш ҳамда аҳоли учун зарур инфратузилмани яхшилаш каби мақсадларга йўналтирилади. Бу маҳаллаларни фақат ташкилий жиҳатдан эмас, балки моддий-техник ва кадрлар салоҳияти нуқтаи назаридан ҳам қўллаб-қувватлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Фармонда белгиланган вазифаларнинг ижроси ва уларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар 2026 йил 16 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган маҳаллаларда янги муҳит яратиш ҳамда «маҳалла еттилиги» фаолиятини янгича ташкил этишга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Унда маҳаллаларга берилган ваколат ва имкониятлар, уларни амалга ошириш учун ажратилаётган ресурслардан фойдаланиш ҳолати таҳлил қилиниб, бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари ҳудудлардаги мавжуд масалаларни ҳал этиш учун ҳокимлар, маҳалла раислари ва «маҳалла еттилиги» аъзоларига етарли ресурс ва ваколатлар берилганини таъкидлаб, энди улардан фойдаланишда масъулият ва ташаббускорликни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Бу эса маҳалла тизимидаги ислоҳотларнинг кейинги босқичида устуворликлар ўзгариб, асосий эътибор ажратилган маблағлар ва берилган ваколатларнинг ўзига эмас, балки уларнинг аҳоли муаммоларини ҳал этиш, ҳудудларни ривожлантириш ва ҳаёт сифатини яхшилашда қандай амалий натижа бераётганига қаратилиши лозимлигини англатади.
Шу билан бирга, тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлар маҳалла раисининг роли ва масъулиятига бўлган ёндашувни ҳам янгича мазмун билан бойитмоқда. Энди маҳалла раиси фақат аҳоли мурожаатларини қабул қилувчи ва мавжуд муаммоларни тегишли идораларга етказувчи раҳбар эмас, балки ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига бевосита масъул, унинг ички имкониятларини аниқлаб, ишга солишга қодир ташаббускор бошқарувчи сифатида намоён бўлиши лозим. Унинг тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва маҳаллада мавжуд иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланишдаги иштироки ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимиз томонидан илгари сурилган маҳалла раисини «иқтисодий буюртмачи»га айлантириш ғояси айнан шу вазифалар билан боғлиқ.
Бу ёндашув маҳалла раисидан ҳудуддаги муаммоларни аниқлаш билангина чекланмасдан, уларнинг ечимига қаратилган аниқ лойиҳа ва ташаббусларни шакллантириш, уларни амалга ошириш учун зарур ташкилотлар ва ресурсларни бирлаштиришни талаб этади.
Таъкидлаш муҳимки, маҳаллага берилган ваколат ва ресурслар билан бир қаторда, унинг фаолиятига қўйилаётган талаблар ҳам ортиб бормоқда. Ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, аҳоли ташаббусларининг қўллаб-қувватланиши, мурожаатларга ўз вақтида муносабат билдирилиши, масъул ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик ва амалий натижалар учун жавобгарлик маҳалла бошқарувининг асосий мезонлари бўлиши зарур. Бунда «маҳалла еттилиги»нинг ҳар бир аъзоси ўз вазифасини масъулият билан бажариши, умумий натижа учун ҳамжиҳатликда ишлаши муҳим.
Маҳалла институтини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар унинг фаолияти учун зарур ҳуқуқий, ташкилий ва молиявий асосларни яратиш билан бирга, маҳаллий даражадаги бошқарувга бўлган талабларни ҳам ўзгартирмоқда. Энди маҳалла раислари ва «еттилик» аъзоларидан мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва муаммоларни ҳал этишда аниқ натижа кўрсатиш талаб этилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, маҳалла институтини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар замирида, энг аввало, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг манфаат ва эҳтиёжларига эътиборни кучайтириш тамойили мужассам. Маҳаллага берилаётган янги мақом, кенгайтирилаётган ваколатлар ва ажратилаётган ресурслар ҳам аслида шу эзгу мақсадга — инсонлар ҳаётини яхшилаш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Зеро, маҳалланинг куч-қудрати, аввало, у ерда яшаётган инсонларнинг ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар, уларнинг розилиги ва эртанги кунга бўлган ишончида намоён бўлади.

Абдумуталлиб ЎКТАМОВ,
Демократик жараёнларни
таҳлил қилиш маркази эксперти,
журналист