“Жасорат учқунлари” ғолиблари Озарбайжонга таълим саёҳатига йўл олди
Ёшларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, уларнинг жисмоний тайёргарлиги ва етакчилик қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган ҳарбий-ватанпарварлик мусобақалари нафақат рақобат, балки муносиб рағбатлантириш тизими билан ҳам аҳамиятли.
Ана шундай ташаббуслардан бири — “Жасорат учқунлари” мусобақаси ғолиблари учун ташкил этилган хорижий таълим саёҳати ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва халқаро тажриба билан танишишга хизмат қилади.
Жорий йилнинг июнь ойида “Жасорат мактаблари”нинг 5–9-синф ўқувчилари ўртасида “Жасорат учқунлари” ҳарбий-ватанпарварлик ва спорт мусобақаси ўтказилган эди.
Белгиланган тартибга мувофиқ, мусобақанинг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган жамоа аъзолари ҳамда уларнинг устози хорижий давлатга таълим саёҳати билан тақдирланади.
Бугун мазкур мусобақада фахрли 1-ўринни эгаллаган Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги 1-сонли АФЧЎМнинг “Жасорат синфи” жамоаси Озарбайжон Республикасига таълим саёҳатига жўнаб кетди.
Саёҳат давомида ўқувчилар Озарбайжоннинг тарихий ва маданий обидалари, диққатга сазовор масканлари ҳамда таълим муассасаларида бўлиб, турли маърифий ва маданий тадбирларда иштирок этади.
Мазкур таълим саёҳати ёшларнинг билим ва дунёқарашини бойитиш, халқаро ҳамкорлик муҳитини ҳис этиш ҳамда ватанпарварлик руҳини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА