Жамоа ҳашарда янада жипслашди
Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги "BMB Agro" хўжалиги далаларида "BMB Holding" ходимлари иштирокида ҳашар бўлиб ўтди.
Шанба куни ташкил этилган тадбирда холдинг ходимлари кундалик иш муҳитидан бироз узоқлашиб, табиат қўйнида бирга вақт ўтказиш, меҳнат жараёнида елкадош бўлиш ва самимий мулоқот қилиш имконига эга бўлдилар.
Бу галги учрашувнинг ўзига хос жиҳати шунда бўлдики, жамоа бирдамлиги бевосита меҳнат майдонида намоён бўлди. Ходимлар пахта йиғим-терими, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиш жараёнларида иштирок этиб, дала меҳнатининг машаққати ва завқини биргаликда ҳис қилдилар.

Биргаликдаги меҳнат эса жамоадаги самимиятни янада кучайтирди. Кимдир ҳосил йиғишда, яна кимдир бошқа жараёнларда фаол иштирок этар экан, ўзаро ҳазил-мутойиба, қувноқ суҳбат ва елкадошлик муҳити ҳукм сурди. Одатда иш жараёнида турли вазифалар билан банд бўладиган ҳамкасблар бу куни бир мақсад атрофида бирлашдилар.
Даладаги меҳнатдан кейин эса бир дастурхон атрофида жам бўлишди. Дош қозонда дамланган тўй оши барча учун бирдек илиқ кайфият улашди. Бир қозон, бир дастурхон ва бирга баҳам кўрилган таом жамоанинг ўзаро аҳиллигига ҳисса қўшди.

Кузнинг файзли манзаралари, далалардаги ҳосил ва меҳнат жараёни тадбирга алоҳида кўтаринкилик бағишлади. Полиз маҳсулотлари, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги ҳосилини етиштириш ҳамда ҳосилни йиғиб-териб олиш жараёнлари билан танишиш орқали иштирокчилар “BMB Agro” фаолиятининг қишлоқ хўжалиги йўналиши ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлдилар.
Куннинг иккинчи ярмида эса мусиқа садолари остида жамоа аъзолари биргаликда рақсга тушиб, кун давомидаги меҳнат ва ҳордиқни қувончли лаҳзалар билан якунладилар. Далада елкадош бўлган жамоа кечга бориб бирга рақсга тушди.

Тадбир давомида фаоллиги, ташаббускорлиги ва жамоавий ҳаракатлари билан ажралиб турган ходимлар ҳам эътибордан четда қолмади. Улар холдинг раҳбарияти томонидан муносиб тақдирланиб, қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.
Аслида, бундай тадбирларнинг аҳамияти фақат ҳордиқ чиқариш ёки кўнгилочар дастурлар билан чекланмайди. Меҳнат майдонида бирга бўлиш, бир дастурхон атрофида жамланиш, самимий суҳбатлашиш ва қувончни бирга баҳам кўриш одамларни бир-бирига янада яқинлаштиради.

Айниқса, ҳосил йиғими каби баракали ва масъулиятли жараёнда жамоа бўлиб иштирок этиш меҳнатнинг қадрини янада теранроқ ҳис этишга, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, бу кун “BMB Holding” жамоаси учун нафақат меҳнат ва ҳордиқ, балки бирлик, барака ва самимият уйғунлашган эсда қоларли кун бўлди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири