Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёни бўйича музокаралар давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) масалалари бўйича вакили, Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Урунов ЖСТ Бош директори ўринбосари Жан-Мари Пагам билан учрашди.
Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнининг жорий ҳолати, музокараларнинг асосий йўналишлари ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ЖСТ Ишчи гуруҳининг 13-йиғилишидан сўнг 150 дан ортиқ ёзма савол келиб тушган. Ишчи гуруҳ ҳисоботи лойиҳасидаги мажбурият параграфидан 9 таси келишилган, шунингдек, 33 та ЖСТ аъзоси билан икки томонлама музокаралар якунланган.
Учрашувда қишлоқ хўжалигини ички қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томонининг ривожланаётган мамлакатлар учун белгиланган “de minimis” даражасини қўллаш бўйича позицияси баён этилди.

Шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар, нарх сиёсати, субсидиялар, инвестиция чоралари ва мутлақ ҳуқуқлар бўйича мажбуриятлар матни устида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Қонунчилик ислоҳотлари доирасида жорий йил май ойида Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилгани, миллий талабларни халқаро Codex Alimentarius, WOAH ва IPPC стандартлари билан уйғунлаштириш бўйича ишлар амалга оширилаётгани тўғрисида тўлиқ маълумот берилди.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини якунлаш мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш ва халқаро савдо тизимига интеграциялашувини янада чуқурлаштиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА