Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича ўрта муддатли прогнозларни яхшилади
Жаҳон банки Ўзбекистон иқтисодиётининг 2026–2027 йилларга мўлжалланган ўсиш прогнозларини ижобий томонга қайта кўриб чиқди. Янгиланган маълумотларга кўра, мамлакат иқтисодиёти ўрта муддатли истиқболда аввал кутилганидан ҳам тезроқ ўсиши кутилмоқда.
Жаҳон банкининг 8 апрель куни эълон қилинган ҳисоботида қайд этилишича, 2026 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсиши бўйича прогноз 0,4 фоиз бандга оширилиб, 6,4 фоиз этиб белгиланди. 2027 йил учун прогноз эса янада юқорироқ — 0,8 фоиз бандга яхшиланиб, 6,7 фоизни ташкил этди.
Шунингдек, 2025 йил якунига кўра Ўзбекистон иқтисодий ўсиши бўйича баҳо 1,5 фоиз бандга оширилиб, 7,7 фоизга етди. Бу кўрсаткич минтақадаги давлатлар орасида энг сезиларли ўсишлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Ундан юқори натижа фақат Қирғизистонда қайд этилди - 11 фоиз.
Жаҳон банки таҳлилчилари Ўзбекистон иқтисодиётидаги ижобий динамикани қатор омиллар билан изоҳламоқда. Хусусан, олтин нархларининг юқори бўлиши, инвестицион фаолликнинг ошиши, аҳоли даромадларининг кўпайиши, кредитлаш ҳажмининг кенгайиши, таркибий иқтисодий ислоҳотларнинг давом этиши кабилар.
Қайд этилишича, мамлакатга пул ўтказмалари ҳажми ҳам сезиларли даражада ошган. Хусусан, ўтган йили пул ўтказмалари қарийб 37 фоизга ўсиб, 18,9 миллиард долларни ташкил этган. Бу ЯИМнинг тахминан 13 фоизига тенг бўлиб, уларнинг 78 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.
Шу билан бирга, таҳлилчилар иқтисодиётда давлат улушининг юқори экани ва давлат корхоналарининг устунлиги хусусий сектор ривожланишига маълум даражада тўсиқ бўлиб қолаётганини ҳам қайд этмоқда.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, Марказий Осиё минтақаси Европа ва Марказий Осиё ҳудудидаги энг тез ривожланаётган субминтақа бўлиб қолмоқда. 2025 йилда минтақада иқтисодий ўсиш 5,8 фоиздан 7 фоизгача тезлашган. Бу сўнгги 14 йилдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Минтақадаги иқтисодий ўсишга қуйидаги омиллар таъсир кўрсатган. Реал даромадларнинг ўсиши, пул ўтказмалари ҳажмининг ортиши, истеъмол кредитларининг кенгайиши таъсир кўрсатган.
Қозоғистонда 2025 йилда ЯИМ ўсиши 6,5 фоизни ташкил этди. Бу 2011 йилдан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бунда ички талабнинг юқорилиги, давлат инвестициялари ва нефть қазиб олиш ҳажмининг рекорд даражада ошиши муҳим роль ўйнаган.
2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон (7,7 фоиз), Қирғизистон (11,1 фоиз) ва Тожикистон (8,4 фоиз) Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг тез ривожланаётган иқтисодиётлар учлигига кирди.
Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2026 йилда ҳам ушбу мамлакатлар етакчиликни сақлаб қолади. Ўзбекистон 6,4 фоиз, Тожикистон 6,5 фоиз, Қирғизистон 6,1 фоиз, Қозоғистон 4,6 фоизни ташкил этган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Россия иқтисодиётидаги ўсишнинг секинлашуви Марказий Осиё мамлакатларига маълум даражада таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ олтин нархларининг юқорилиги ва инфратузилмага, айниқса транспорт ва энергетика соҳаларига йирик инвестициялар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда давом этади.
Шундай қилиб, Жаҳон банки прогнозларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти ўрта муддатли истиқболда барқарор ўсишни сақлаб қолиши ва минтақадаги етакчи иқтисодиётлардан бири бўлиб қолиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА