Жадидларнинг авлодлари бир даврада жамланди
Миллат тарихида шундай сиймолар борки, уларнинг ғоялари ва орзу-интилишлари ўз даври доирасидан чиқиб, кейинги авлодлар тафаккурида ҳам яшайверади. Жадид боболаримиз ана шундай буюк маърифатпарварлар эди. Улар халқнинг эртанги кунини илмда, замонавий таълимда, миллий ўзликни англашда ва тафаккур эркинлигида кўрдилар. Бугун уларнинг ҳаёти ва меросини ўрганиш, авлодлар хотирасида сақланиб келаётган маълумотларни тўплаш ва илмий асосда тадқиқ этиш миллий тарихимизни янада теран англашга хизмат қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Фанлар академияси билан биргаликда жадидлар меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида бир қатор маърифий лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.
Ушбу марказда ўтказилган «Жадидлар авлодлари учрашуви» умуммиллий илмий-маърифий йиғини ана шундай тадбирлардан биридир. Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида ташкил этилтган анжуманга жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндалари авлодлари, тарихчи олимлар, тадқиқотчилар, зиёлилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.

XIX аср охири ва XX аср бошларида Туркистонда шаклланган жадидчилик ҳаракати халқимизнинг маънавий ва ижтимоий тараққиётида муҳим бурилиш ясади. Жадидлар эскилик сарҳадларидан чиқиб, таълимни янгилаш, дунё илм-фани ютуқларини ўзлаштириш, миллий матбуот ва адабиётни ривожлантириш, театр орқали жамиятни уйғотишга интилдилар. Уларнинг фаолиятида бир мақсад устувор эди: халқнинг ўз тақдирини англайдиган, билимли ва тараққийпарвар жамиятга айланиши.
Бу ҳаракат намояндаларининг ҳаёти кўпинча мураккаб тарихий шароитда кечди. Шунга қарамай, улар қалам, мактаб, матбуот ва маърифатни жамиятни ўзгартириш воситасига айлантиришга ҳаракат қилдилар. Уларнинг асарлари, мақолалари, дарсликлари ва ижтимоий қарашлари бугун ҳам тарихчилар учун муҳим тадқиқот манбаи, ёш авлод учун эса фидойилик ва масъулият намунасидир.

Шу боис жадидлар меросини ўрганишда фақат маълум тарихий воқеаларни тиклашнинг ўзи кифоя қилмайди. Уларнинг шахсияти, оилавий муҳити, ҳаётий қарашлари ва авлодларига қолдирган маънавий сабоқларини ҳам ўрганиш муҳим. Айниқса, оилада сақланиб қолган ҳужжатлар, суратлар, қўлёзмалар ва хотиралар тарихий манзарани тўлдириши, илгари маълум бўлмаган тафсилотларни аниқлашга ёрдам бериши мумкин.
Анжуманнинг аҳамияти ҳам шундаки, унда тарихий меросга илмий тадқиқотлар билан бир қаторда, аждодларнинг бевосита авлодлари хотиралари орқали назар ташланди. Оилавий хотиралар тарихий ҳужжатларнинг ўрнини босмайди, аммо уларни тўлдириб, муайян шахслар ҳаёти ва фаолиятини янада кенгроқ тасаввур қилиш имконини берди. Бу эса тарихий маълумотларни қиёсий ўрганиш ва янги илмий изланишларга йўл очишда муҳимдир.

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, академик Азамат Зиё ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон журналистика ва коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа мамлакатимизда янги Ўзбекистон пойдеворини барпо этишда жадидлар меросини ўрганиш, улар хотирасини эъзозлаш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.
Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор Дилноза Жамолова «Жадидчилик миллий ҳаракати» мавзусида маъруза қилди. Маъруза жадидчилик ҳаракатининг шаклланиши, тарихий тараққиётдаги ўрни ва миллий маърифат равнақига қўшган ҳиссасига эътибор қаратилгани билан эътиборли бўлди.

Анжуманнинг марказий қисми жадидлар авлодларининг чиқишларидан иборат бўлди. Уларда аждодларнинг ҳаёт йўли, ижтимоий ва маърифий фаолияти, шунингдек, оилада сақланиб келаётган хотиралар ҳақида сўз юритилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг набираси Шоҳрух Беҳбудий, Саидризо Ализоданинг набираси Фарҳод Ализода, Обиджон Маҳмудовнинг набираси Мақсуда Обиджонова, Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий, Абдулҳамид Чўлпоннинг жияни Шарифа Мирзаҳмедова ҳамда Ғози Юнуснинг ўғли Чўлпон Юнус ўз аждодлари ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашдилар.

Шунингдек, Мусожон Саиджоновнинг набираси Шуҳрат Саиджонов, Ашурали Зоҳирийнинг набираси Нажиб Зоҳиралиев, Абдуқодир Шакурийнинг набираси Маъсуд Шакурий, Ҳожи Муиннинг набираси Бахтиёр Баҳриев, Вадуд Маҳмуднинг ўғли Нажод Маҳмуд, Пўлат Солиевнинг набираси Алишер Муҳиддинов, Ҳасанхон Ниёзий ва Ҳусанхон Ниёзийнинг набираси Муҳиддин Нарзиқулов ҳамда Марям Султонмуродованинг набираси Муҳаббатхон Султонмуродова иштирокида ҳам маърифий мулоқотлар ўтказилди.
Ушбу учрашувда жадидларнинг миллий таълим, адабиёт, матбуот, илм-фан ва ижтимоий тафаккур ривожига қўшган ҳиссаси турли нуқтаи назарлардан ёритилди. Авлодлар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар нафақат оилавий хотирани асраш, балки тарихий шахсларнинг меросини кенг жамоатчиликка яқинроқ танитиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.
Анжуман доирасида олимлар, зиёлилар ва жадидлар авлодлари ўртасида фикр алмашиш учун ҳам имконият яратилди. Бундай мулоқотлар оилавий архивларда сақланаётган маълумотларни илмий муомалага киритиш, тадқиқотчилар билан авлодлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш ва келгусидаги илмий лойиҳалар учун янги йўналишларни белгилашга хизмат қилади.
Тадбир дастуридан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи билан танишув ҳам ўрин олди. Иштирокчилар марказ экспозицияларини кўздан кечириш имконига эга бўлдилар. Бу эса миллий тарих, илм-фан ва маданият меросини кенгроқ қамраб олган маърифий дастурнинг муҳим қисми ҳисобланади.
«Жадидлар авлодлари учрашуви»нинг мазмуни бир кунлик мулоқот билан чекланмайди. Унинг аҳамияти аждодлардан қолган меросни янги далиллар, оилавий хотиралар ва илмий изланишлар асосида ўрганишга бўлган қизиқишни кучайтириш, тарихий хотиранинг узвийлигини таъминлаш ва маърифатпарварлик ғояларини ёш авлодга етказиш билан белгиланади.
Жадидлар миллат келажагини илм-маърифат билан боғлаган эдилар. Уларнинг бу интилиши бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Зеро, тарихни чуқур билиш ўтмиш билан фахрланишнинг ўзи эмас, балки аждодлар тажрибасидан сабоқ чиқариб, бугунги кун ва келажак олдидаги масъулиятни англашдир. Жадидлар авлодларининг бир даврада жам бўлиши ана шу ворисликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим маърифий ташаббусдир.
Назокат Усмонова, ЎзА