Аския ва қизиқчилик санъатини ёш авлод давом эттиради
Миллий меросга эҳтиром, устозлар анъанасига садоқат ва ижодий ворислик – санъатимиз тараққиётининг муҳим омили.
Қўқонда “Ўзбек миллий аския ва қизиқчилик санъатида устоз-шогирд анъаналари ҳамда ижодий ворислик” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда халқимизнинг асрлар давомида шаклланган бой маънавий мероси, миллий тафаккури ва бетакрор ижодий салоҳиятини ўзида мужассам этган аския ва қизиқчилик санъатининг бугунги тараққиёти ҳамда истиқболлари муҳокама этилди.
Конференцияда миллий аския санъатининг тарихий илдизлари ва ривожланиш босқичлари, устоз-шогирд анъаналарини изчил давом эттириш, бой ижодий тажрибани ёш авлодга етказиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда миллий санъатимизнинг нуфузини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Аския ва қизиқчилик санъати шунчаки кулги ва мутойиба эмас. У халқимизнинг ҳаётий тажрибаси, теран мушоҳадаси, сўзга чечанлиги, нозик юмори ва юксак маънавиятини намоён этувчи ноёб санъат туридир. Уни асраб-авайлаш, ривожлантириш ва келажак авлодларга етказиш эса барчамизнинг муҳим вазифамиздир, – деди Фарғона вилоят хокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов.
Конференция давомида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ҳамда “Аския, қизиқчилик ва стендап санъати” ижодий бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандум томонлар ўртасида ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳалар ва концерт дастурларини амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда янги истеъдодларни кашф этиш учун кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.
– Устоздан шогирдга, авлоддан авлодга ўтиб келаётган санъат – миллат маънавиятининг узвий давоми. Зеро, миллий қадриятларимизни эъзозлаш, буюк устозлар меросини муносиб давом эттириш ва ёш авлод қалбида санъатга муҳаббат уйғотиш орқали маданий меросимизнинг келажагини таъминлаймиз, – дейишди конференция иштирокчилари
Қўқонда ўтказилган ушбу халқаро конференция миллий аския ва қизиқчилик санъатини ривожлантириш, ижодий ворисликни мустаҳкамлаш ҳамда ўзбек халқининг бетакрор санъатини кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА