Жадидларда таълим ислоҳоти (+видео)
"Жадидчилар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сонида маърифатпарвар жадидчиларнинг ўша даврда таълим-тарбия соҳаларидаги ислоҳотлари ҳақида батафсил маълумот берилади.
Жадидлар таълимни модернизация қилиш, маърифатпарварлик руҳини тарғиб қилиш йўлидаги фидойиликлари тарихда ўчмас из қолдирди. Бугунги кунга келиб жадидларни тадқиқ қилишга йўл очилиши биз, ёшларнинг улар тасвирлаган ва ўстиришга интилган авлод бўлишимизга ундайди.
Давлатимиз тарихи ва халқимизнинг шонли ўтмиши етук олим, зиёли ва жамоат арбоблари исмлари билан тўла. Улар ҳамма вақт халқимизнинг юксалиши, адолат, тенглик, энг асосийси, илм-маърифат учун курашган. Замонасининг ҳар қандай синовларини енгиб ўтиб, бу йўлда жонини ҳам фидо қилган. Уларнинг ҳеч бир фаолияти изсиз йўқолмаган, улардан қолган илмий меърос нафақат юртимизда, балки бутун дунёдаги йирик университетлар, кутубхона ва илмий марказлар томонидан тадқиқ қилинмоқда, тенги йўқ қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Жадидлар таълим-тарбияни фақат мактабда ўргатиладиган восита эмас, балки бу ўқувчида мустақил фикрлаш ва ижодкорлик руҳини кашф этиш, деб ҳисоблаган. Улар анъанавий фанлар билан бир қаторда амалий кўникмаларга ҳам урғу берадиган янги турдаги жадид мактабларини Тошкент, Бухоро, Қўқон каби йирик шаҳарларда ташкил этдилар. Жадидчилик ҳаракатининг энг йирик намояндаларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг “Рисолайи асбоби савод” ва “Китабул атфол” номли асарларида анъанавий ўқитиш усулларини ислоҳ қилиш билан биргаликда замонавий таълим тизимини амалда қўллаш зарурлигини таъкидлаган. У педагогларни ўқувчида мустақил фикрлаш ва атроф оламни саволга тута олиш қобилятини ривожлантиришга чақирди.
Қолаверса, жадидлар таълим соҳасидаги гендер тенглигини тарғиб қилдилар, ижтимоий мавқейи ва жинсидан қатъи назар барча учун таълимнинг муҳимлигини билдирди. Уларнинг инклюзив таълим борасидаги қарашлари ўзбек жамиятидаги хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишни рағбатланишга замин яратди. Абдурауф Фитратнинг “Ойина” журналида берилган “Хотин-қизларнинг тарбияси-миллат равнақи ва маърифатнинг пойдеворидир” иқтибоси бу фикрнинг исботидир.
Батафсил:
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WaRArZpoRKQ" title="Jadidlarda ta’lim islohoti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА