Омбудсман инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиради
Женева шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянсининг навбатдаги умумий йиллик йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳамкорлигида БМТнинг Женевадаги қароргоҳида ўтказилган нуфузли тадбирда Ўзбекистон парламенти Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова иштирок этди.

Тадбир доирасида Феруза Эшматова БМТ Тараққиёт дастурининг Женевадаги ваколатхонаси директори Аги Вереш, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Глобал альянси (GANHRI) котиби, шунингдек, Шимолий Ирландия Инсон ҳуқуқлари комиссияси бош комиссари Алисон Килпатрик, Осиё-Тинч океани миллий инсон ҳуқуқлари институтлари форумининг (APF) Ижрочи директори Туи Доан-Смит ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Миллий институтлар ва минтақавий механизмлар секцияси инсон ҳуқуқлари бўйича ходими Маттиас Клеттермайер билан қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, институционал мулоқотни мустаҳкамлаш, миллий инсон ҳуқуқлари институтларининг халқаро майдондаги ўрнини кучайтириш, шунингдек, минтақавий ва амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувлар давомида Омбудсман мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, бу борада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари янада такомиллаштирилгани, Омбудсман институти фаолиятининг самарадорлиги ва таъсирчанлиги оширилгани қайд этилди.
Хусусан, 2020 йилда GANHRI томонидан Омбудсман институтига “Б” мақоми берилгач, тақдим этилган тавсияларни инобатга олган ҳолда, унинг фаолиятини Париж принциплари асосида такомиллаштиришга қаратилган босқичма-босқич чоралар амалга оширилгани маълум қилинди.
Натижада Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди, таъсир чоралари доираси кенгайтирилди, ҳудудий вакиллар фаолияти кучайтирилди, институт фаолиятига рақамли ечимлар жорий қилиниб, мурожаатчилар учун янада қулай ва шаффоф механизмлар яратилди.
Меҳмонлар ҳам ўз навбатида мазкур жараён юзасидан фикр ва тавсияларини билдириб, институционал ривожланишни давом эттириш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА