Ижтимоий тармоқларни тақиқлаш керак(ми)!? (+видео)
Сўнгги вақтларда ёш авлодни кибербуллинг, интернетга қарамлик ва руҳий саломатлик муаммоларидан ҳимоя қилиш мақсадида болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича қатъий чоралар кўриш тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу фақат Ўзбекистон учун эмас, балки бутун дунё бўйлаб амалий чора кўрилиши талаб қилинаётган муаммолардан биридир.
Шуни айтиб ўтиш керакки, Европада болаларни ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий тармоқ чекловлари оммалашмоқда. Болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш тизимини (16 ёшдан кичиклар учун) илк бор 2025 йилнинг декабрида Австралия жорий этган эди. 2025-йил декабрь ойидан бошлаб 16 ёшга тўлмаган болалар учун Facebook, Instagram, TikTok ва Х каби платформалардан фойдаланишни расман тақиқлади. Қоидаларни бузган компаниялар 34,4 миллион АҚШ долларигача жаримага тортилиши мумкин.
Австралия тажрибасига кўра, чекловлар WhatsApp ёки YouTube Кидс каби таълимий ва алоқа хизматларига дахл қилмайди. Бироқ, Facebook, Snapchat, Reddit ва Twitch каби оммабоп ресурслар қатъий назорат остига олинади. Австралия ҳукумати компаниялардан фойдаланувчининг ёшини аниқлашда шунчаки туғилган санани киритиш билан чекланиб қолмасдан, кўп босқичли верификация усулларидан фойдаланишни талаб қилмоқда. Лавҳамиз давомида дунё бўйлаб халқаро тажрибаларни кўриб чиқамиз.
Франция: Сенатда 15 ёшдан кичикларга ижтимоий медиа тақиқини назарда тутувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ижтимоий тармоқ компаниялари вакилларини тезроқ чоралар кўриш учун музокараларга чақирди.
Португалияда 13 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш ва 13–16 ёшдагилар учун фақат ота-она рухсати билан фойдаланиш ҳуқуқини жорий этиш бўйича қадам ташлади.
Греция 2027 йил 1 январдан бошлаб 15 ёшга тўлмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлайди.
Латвия ва Норвегияда 16 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик таклифлари муҳокама босқичида. Финляндия ҳукумати томонидан ҳам 15 ёшга тўлмаганларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлашни қўллаб-қувватланиши эълон қилинган.
Германияда болалар учун ижтимоий тармоқларга ёш чегарасини жорий этиш устида ишланаётган бўлса, Словенияда 15 ёшга тўлмаган болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.
Европа Иттифоқи (ЕИ) янги "рақамли ёшни тасдиқлаш иловаси" ишга туширишни режалаштирмоқда. Чехия ҳам ўз навбатида 15 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий медиа платформаларини тақиқлашни қўллаб-қувватламоқда. Данияда 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий медиа платформаларини тақиқлаш бўйича ишлар аллақачон бошлаб юборилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримованинг оммавий ахборот воситаларига маълум қилишича, 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлаш юзасидан парламент депутатлари ва сенаторлар билан ўзаро муҳокамалар ўтказилган ҳамда қонун лойиҳаси ишлаб чиқиб, уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш режалаштирилаётганини билдирган.
Хўш, сизчи? Сизнингча, болалар ва ўсмирларга ижтимоий тармоқларни чеклаш ёки чегаралаш орқали яхши натижага эришиб бўладими? Агар вазирлик томонидан ушбу масала аҳоли ўртасида муҳокамага қўйилса, тақиқ учун овоз берган бўлармидингиз? Фикрларингизни изоҳларда қолдиришингиз мумкин.
Батафсил: <iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/VfhowSmIvWk" title="Ijtimoiy tarmoqlarni taqiqlash kerak(mi)!?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА