Қарздорнинг автомашинаси хатланди
Табиий газдан фойдалангани учун тўлов мажбуриятини бажармаган фуқарога нисбатан мажбурий ижро чоралари қўлланилди. Натижада қарздорнинг автомашинаси хатланиб, 18 миллион 300 минг сўм қарздорлик тўлиқ ундирилди.
Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судининг 2026 йил 26 майдаги қарорига мувофиқ, фуқародан «Ҳудудгаз Сирдарё» газ таъминоти корхонаси фойдасига 18 миллион 300 минг сўм қарздорликни ундириш белгиланган.
Суд қарори ижросини таъминлаш Мажбурий ижро бюросининг Гулистон шаҳар бўлими давлат ижрочилари томонидан амалга оширилди. Қарздорга қарздорликни ихтиёрий равишда қоплаш учун қонунчиликда белгиланган муддат берилган бўлса-да, у мазкур имкониятдан фойдаланмаган.
Шундан сўнг давлат ижрочилари томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, қарздорга тегишли «KIA Seltos» русумли автомашина хатланди.
Кўрилган чора ўз самарасини берди. Натижада қарздор 18 миллион 300 минг сўм қарздорликни тўлиқ қоплади ва суд қарори ижроси таъминланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири