Италияда Ўзбекистон давлат спорт академиясининг халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
Италия Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон давлат спорт академияси ректори Илҳомжон Турсуналиев бошчилигидаги делегация мамлакатнинг етакчи таълим ва спорт муассасалари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор учрашувлар ўтказмоқда.
Хусусан, делегация аъзолари Тренто университети раҳбарияти билан музокаралар ўтказиб, икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди. Учрашувда дуал таълим дастурларини йўлга қўйиш, илмий лабораториялар доирасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш, магистратура босқичида икки томонлама диплом (Double Degree) дастурларини жорий этиш, академик мобилликни ривожлантириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар алмашинувини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, спорт илми, нейрофан, спорт психологияси, физиология ва замонавий рақамли технологиялар йўналишларида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро грант дастурларида ҳамкорликда иштирок этиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Томонлар аввал имзоланган ҳамкорлик меморандумлари асосида таълим ва илмий фаолиятга оид аниқ шартномаларни тайёрлаш ишларини жадаллаштиришга келишиб олди. Шу мақсадда Тренто университети раҳбариятининг жорий йил август ойида Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасига режалаштирилган ташрифи доирасида навбатдаги музокараларни ўтказиш режалаштирилган.
Хизмат сафари давомида академия делегацияси Италиянинг Трентино вилоятидаги Предаццо шаҳрида жойлашган машҳур Жузеппе Даль Бен чанғи трамплини мажмуаси фаолияти билан ҳам танишди. Делегация замонавий спорт инфратузилмаси, спортчиларни тайёрлаш тизими, халқаро мусобақаларни ташкил этиш тажрибаси ҳамда қишки спорт турларини ривожлантиришга хизмат қилувчи ташкилий ва техник ечимларни ўрганди.

Учрашувларда қишки спорт турлари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, мутахассислар тайёрлаш, спорт туризмини ривожлантириш ҳамда Италиянинг илғор тажрибасини Ўзбекистон шароитига мослаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, мазкур ташриф Ўзбекистон давлат спорт академиясининг халқаро таълим ва илмий ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш ҳамда мамлакатда спорт таълими ва илм-фанини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
ЎзА