Италияда ишлаш учун янги имконият: ўзбекистонлик мутахассислар учун тайёрлов дастури
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Италиянинг “Confagricoltura” ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон фуқароларини Италия қишлоқ хўжалиги соҳасида иш билан таъминлашга қаратилган тайёрлов дастури йўлга қўйилди.
Мазкур ташаббус доирасида Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда “Umana Forma” ҳамкорлигида номзодлар учун қисқа муддатли ўқув-машғулотлари ташкил этилмоқда. Ушбу машғулотларнинг асосий мақсади иштирокчиларни Италияда меҳнат фаолиятини бошлаш учун зарур бўлган тил ва касбий кўникмалар билан таъминлашдан иборат.

Дастлабки босқичда ўқув жараёнлари “Confagricoltura” сўровига асосан Ўзбекистон Миграция агентлиги томонидан саралаб олинган 15 нафар тракторчи учун йўлга қўйилди.
Ўқув дастури 2026 йил 30 мартдан 7 майгача давом этиб, жами 180 соатни ташкил этади. Машғулотлар таркибига 128 соат италян тили, 40 соат трактор механизацияси бўйича амалий дарслар ҳамда 12 соат Италиядаги меҳнат жараёнига оид ҳуқуқ ва мажбуриятлар киради.

37 кун давом этадиган ўқув жараёнида тингловчилар институт ётоқхонасида истиқомат қилиб, барча эътиборларини тайёргарликка қаратмоқда. Машғулотлар давомида улар нафақат италян тили ва механизация бўйича назарий билимларни эгалламоқда, балки институтга тегишли тракторлардан фойдаланган ҳолда амалий машғулотларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Бу эса уларнинг келгусида иш фаолиятига тез мослашишига хизмат қилади.
Мазкур дастур Ўзбекистон фуқароларини хорижда қонуний меҳнат фаолиятига жалб этиш, уларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА